Линклар

logo-print

Бозордан қувилаётган қариялар


Саида Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда пенсионерлар, улар ҳатто давлат корхонасида 30-40 йиллаб ишлаган бўлса ҳам, бугунги кунда 15-20 минг сўм нафақа олмоқда.

Фахрийларнинг сўзларига қараганда, нафақа пулининг асосий қисми коммунал хизматлар учун тўловларга сарфланади. Шунинг учун айрим нафақахўрлар тирикчилик учун эски буюмлар бозорида савдо қилишга мажбур бўлмоқда. Лекин, савдогар нафақахўрларнинг айтишича, сўнгги вақтларда уларни тирикчиликнинг шу имкониятидан ҳам маҳрум этишмоқда. Яъни уларнинг ўзлари яшайдиган ҳудудларга яқин бозорларда савдо қилишига йўл қўйилмаётир. Улардан Тошкент шаҳрининг чеккасида жойлашган махсус бозорда савдо қилиш талаб қилинмоқда.

Савдогар қариялардан бирининг таъкидлашича, у уйига яқин бўлган Юнусобод савдо маркази ёнидаги эски буюм бозорида савдо қилган. Янгиободдаги эски буюмлар бозорига бориб савдо қилиш эса унга узоқлик қилади. Бундан ташқари, йўл ҳақи ва тушлик қўшиб ҳисобланса, кунига 600-700 сўм пул сарфланади.

Юнусободдаги эски буюмлар бозоридаги қўлбола расталар бундан бир неча йил муқаддам бузиб ташланган эди. Бу ерда савдо қиладиганларга эса Юнусобод туманининг 19-мавзесидан жой ажратиб бериш ваъда қилинганди. Лекин ажратилган жой анча тор ва одам кам бўлгани сабабли савдогарлар бу ерда савдо қилишдан бош тортди. Шундан сўнг улардан Янгиободдаги эски буюмлар бозорига бориб савдо қилиш талаб қилинди. Савдогарлар бу бозор жуда узоқлиги боис таклифга рози бўлмаётир.

Эски буюмлар билан савдо қилувчи фуқароларнинг айтишича, улар муаммони ҳал қилишни сўраб, мутасадди ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилган. Лекин ҳеч ким уларнинг арзини тингламаган.

Туман савдо департаменти бошлиғи Дилшод Одиловнинг билдиришича, Юнусободдаги эски буюмлар бозорини кўчириш ҳақида шаҳар ҳокимининг қарори мавжуд. Шунга қарамай, аҳолининг мурожаатлари эътиборга олиниб, 19-мавзедан махсус жой ажратиб берилган. Бироқ улар бу ерга боришни хоҳламаётир.

Д.Одиловнинг таъкидлашича, Юнусободдаги эски буюмлар бозори ҳудуди бундан бир неча йил аввал автосервис ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуи қуриш учун ажратиб берилган. Аммо айрим сабабларга қурилиш бошланмаган.

Эски буюмлар бозорида савдо қилувчиларнинг айтишича, бир вақтлар бу ҳудуд ташландиқ эди. Улар ўз кучлари билан бу ерни бозорга айлантирган. Бир неча йил давомида давлатга солиқ ҳам тўлаб келган.

“Озодлик” мухбирининг Вазирлар Маҳкамасининг бозорларда савдо-сотиқни такомиллаштириш тўғрисидаги 330-қарорига мувофиқ савдогарларнинг ижтимоий аҳволини ўрганган ҳолда мазкур бозорни тартибга солиш мумкинмиди, деган саволига Д.Одилов: “Бу сиз ва мен ҳал қиладиган масала эмас. Бу муаммони ечиш сизнинг ҳам, менинг ҳам ихтиёримда эмас, бизнинг ваколатимизга ҳам кирмайди”, деб жавоб берди.
XS
SM
MD
LG