Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:33

“Ромео ва Жульетта” Хоразмда


Хоразмдаги Огаҳий номидаги мусиқали драма ва комедия театри жамоаси Уильям Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” асари саҳналаштирилмоқда.

Бу театр вилоятдаги ягона театр ҳисобланади. Саксон йиллик тарихга эга бўлган мазкур маданият маскани, кузатувчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда драматургия, режиссура ва актёрлик маҳорати бўйича муайян муаммоларга дуч келмоқда. Натижада томошабинлар театрдан анча узоқлашиб қолган.

Бош режиссёр Мансур Қурёзовнинг айтишича, театрнинг бош муаммоси ёш актёрларнинг йўқлигидир.

“Актёрларимизнинг аксарияти анча қариб, имкониятлари томошабин кутган даражада бўлмай қолди. Ёш актёрларнинг келмаётгани театр учун катта йўқотиш бўлмоқда”, деди у.

Театр актёрлари ёш ҳамкасбларининг театрга келмаётганига асосий сабаб маошнинг камлиги эканини айтмоқда. Уларнинг ўзлари ҳам тирикчилик учун тўй-томошаларга чиқишга мажбур бўлмоқда.

М.Қурёзов томошабиннинг театрдан қочишига репертуарнинг бой эмаслиги ҳам сабаб бўлаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, бугунги кунда театр жамоаси актёрлик маҳорати мактабини қайта тиклаш, репертуарни бойитиш, томошабинни қайтариш устида изланмоқда.

М.Қурёзов “Ромео ва Жульетта” асарини саҳналаштириш режасига кўпчилик ишонмаганини билдирди. Бош режиссёрнинг таъкидлашича, унга бош ролларни ўйнайдиган ёшларни қаердан топасиз, бу ролларни ижро этиш учун маҳорат бўлиши керак, деган шубҳа билан қарашган.

“Мутасаддилар театримизга ёрдам қўлини чўзмаса, мавжуд аҳволни ўнглаш қийин бўлади. Кўнглимда ёшуллиларга, ҳомийларга бўлган ишонч ҳали ўлгани йўқ”, деди бош режиссёр.
XS
SM
MD
LG