Линклар

Буш оммавий қирғин қуроллар ҳақидаги маълумотлар юзасидан текширув ўтказмоқчи

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ Президенти Жорж Буш Америка разведка ҳизмати нимага асосланиб Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлиги ҳақида маълумот тарқатгани юзасидан мустақил текширув ўтказилишини эълон қилди. Эслатиб ўтамиз, Президент Буш АҚШ Марказий Разведка Бошқармасининг ана шу маълумотларига таяниб Ироққа қарши уруш бошлаганини таъкидлаб келмоқда. Мазкур жараённи матбуот орқали ўрганган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон ҳозир студияда.

Абдулла Искандар: Ҳурмат айтингчи, нега энди айнан ҳозир Буш маъмурияти Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари ҳақидаги маълумотлар юзасидан мустақил текширув ўтказилишини хоҳлаб қолди?

ҲБ:Абдулла Искандар, бундай текширув ўтказиш борасидаги талаблар ўтган хафта АҚШнинг қуроллар бўйича собиқ инспектори Дэвид Кэй Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқ бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берганидан сўнг кучайди. Дастлаб Буш маъмурияти бундай тергов ўтказилишига зарурат йўқлигини даъво қилиб келаётган эди. Аммо, кейинчалик ўзини ҳам демократлар ҳам республикачилар босимлари оғушида сезган Оқ Уй раҳбари Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари ҳақидаги маълумотлар юзасидан мустақил текширув ўтказмасдан бошқа чора йўқлигини англаб етган бўлса керак.

АИ: Мана шу текширув билан кимлар шуғулланади ва улар холис ва мустақил тергов олиб боришади, дейиш учун қанчалик асос бор?

ҲБ:Оқ уй расмийларининг билдиришича, текширув билан шуғуланадиган комиссия аъзоларини Президент Бушнинг ўзи тайинлайди. Бу эса унга комиссия таркиби ва фаолиятини кўпроқ назорат қилиш имконини беради. Айни пайтда Британия Бош Вазири Тони Блэр ҳам бу текширув қандай ўтказилиши ҳақида Оқ Уй билан маслаҳатлашувга киришгани ҳақида маълумотлар ҳам бор.

АИ:Ҳурмат, агар ҳақиқтан ҳам Ироқда оммавий қирғин қуроллари бўлмагани ва АҚШ разведкаси нотўғри маълумотни етказгани исботланса, Буш маъмурияти учун бу қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкин?

ҲБ:Тергов хулосаларининг Президент Буш учун қандай оқибатлар яратиши ҳақида бир нарса дейиш қийин. Чунки, текширув узоқ давом этиши ва унинг натижалари келаси йилда, яъни президентлик сайловидан кейин маълум бўлиши кутилмоқда. Оқ уй маъмуриятига кўра, бунақа жиддий масалаларда шошилмаслик керак.

АИ:Ҳурмат, нима сабабдан тергов узоқ вақт давом этиши таҳмин қилиняпти?

ҲБ:АҚШ расмийларига кўра, масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиш тезда бўлмайди. Масалан, АҚШнинг собиқ Президенти Жон Кеннеди ўлими билан боғлиқ тергов анча узоққа чўзилганини эслаш жоиз.
Аммо, шу ўринда Конгрессдаги айрим демократлар Буш текширув хулосаларини атайлаб президентлик сайловларидан кейинга қолдиришга ҳаракат қилаётганини айтишмоқда. Чунки, биласиз бўлажак сайловларда номзодликка даъвогарлик қилаётган демократлар ўз чиқишларида Ироқ урушида йўл қўйилган хатоликларни пеш қилмоқдалар. Яъни агар тергов комиссияси хулосалари сайлов арафасида эълон қилинса, бу президент Бушга салбий таъсир қилишини кўпчилик билади. Айрим демократ-сенаторлар текширув жараёнида нафақат разведка фаолияти ва шу идоралар Оқ Уйга тақдим этган маълумотларни, балки шу маълумотлар жамоатчиликка қай тарзда тақдим этилганини ҳам чуқур ўрганиш кераклигини таъкидлашмоқда.
Ҳусусан, Сенатнинг Халқаро алоқалар қўмитаси аъзоси Чак Хейгел Ган фақатгина разведка фаолиятидаги камчиликлар хусусида эмас, ҳукумат ва унинг раҳбарларига ишонч хусусида кетаётганини урғулади. Сенатор Байден эса асосий масала – Америкага нисбатан ишонч ва обрў йўқолмаслигини қайд этади.
XS
SM
MD
LG