Линклар

logo-print

Эронда сиёсий инқироз кучаймоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Эрон Васийлар Кенгаши ҳозирча сайловларни кечиктириш борасидаги ҳукумат чақириғига расмий муносабат билдирмади. Бироқ, Кенгаш аъзоларидан бири Ризо Завараи сайловларни фақатгина фавқулодда вазиятда, масалан уруш хавфи бўлган холда бошқа муддатга қолдириш мумкинлигини таъкидлади.

Якшанба куни парламент аъзоларининг оммавий истеъфоларидан сўнг, ҳукумат фавқулодда мажлис ўтказди. Йиғилишда ҳозир бўлган Эрон Ички Ишлар вазири Абдулвоҳид Мусавий Лари ва бир неча вилоят хокимлари мамлакат сайловларга тайёр эмаслигини билдиришган. Мажлис сўнгида ҳукумат сайловлар эркин ва адолатли мухитдагина ўтказилиши мумкин, деган баёнот берди.

Вето ҳуқуқига эга Эрон Васийлар Кенгаши олдинроқ Ички Ишлар Вазирининг сайловларни кечиктириш борсадаги бундай талабини бир бора рад этган эди. Кузатувчилар Кенгаш аъзоси Ризо Завараи баёнотидан сўнг ислоҳотчиларнинг сайловни кечиктириш борасидаги бу сафарги уринишлари ҳам натижасиз бўлишини айтишмоқда.

Эронда эса қалтис сиёсий вазият ҳамон хукмрон. Якшанба куни Эрон Парламентининг юздан ортиқ аъзоси истеъфо бергани вазиятни янада таранглаштирди. Депутатлар ислоҳотчи номзодлар сайловда қатнашиш ҳуқуқидан махрум этилганига норозилик билдириб, истеъфо беришди. Улар ёйинлаган баёнотда ҳуқуқидан махрум этилган номзодларга яқин кунлар ичида сайловда қатнашишга рухсат берилган тақдирда ҳам, сайловлар кечиктирилиши ва номзодлар учун бир хил шароит таъминланиши кераклиги таъкидланади.

Кузатувчилар Эронда ислотчилар ва консерваторлар ўртасида бир ойдан бери давом этаётган зиддиятни фақат Эрон Олий рухонийси Оятулло Али Хўманаи бартараф эта олади деган фикрда. Лондондаги "Jane's Defence" нашри таҳлилчиси Алекс Ватанка бу ҳақда шундай деди:

"Ўйлашимча, ҳозир кўпчилик Эрон олий рухонийси кутилмаганда вазиятга аралашади ва сайловдан четлаштирилган номзодларнинг 50, балки ундан-да кўп фоизининг сайловда қатнашишини таъминловчи Васийлар Кенгаши ва ислоҳотчилар ўртасидаги келишувга бош-қош бўлади, деган фикрда", - деди Ватанка.

Эрон Олий рухонийси Оятулло Али Хўманаи вазиятни юмшатиш мақсадида Васийлар Кенгашини сайловдан четлаштирилган 3000 номзод рўйхатини қайта кўриб чиқишга даъват этган эди. Аммо, ярмидан кўп аъзоси бевосита Оятулло тарафидан тайинланадиган Васийлар Кенгаши сайловдан четлаштирилган номзодларнинг фақат учдан бир қисми мақомини тиклади холос. Якшанба куни Эрон Парламенти Раиси Мехди Каррубий Оятулло Али Хўманаини вазиятга яна бир бор аралашишга чақирди.

Эрон жамоатчилигининг мамлакатда юзага келган сиёсий вазиятга муносабати ҳақида тўхталадиган бўлсак, ҳозирча эронликлар ҳеч бир томон ёнини олишга шошилмаяпти. Олдинги сайловларда ислоҳотчилар учун овоз берган кўплаб эронликлар Парламент жиддий ўзгаришларга эриша олмаганини айтишмоқда.
Ўтган йил маҳаллий сайловларда сайлов ҳуқуқига эга сайловчиларнинг 20 фоизи қатнашган ва унда асосий ўринларни консерваторлар эгаллашган эди. Кўплаб таҳлилчилар бу сафар ҳам шу сценарий такрорланишини башорат қилмоқдалар. Алек Ватанка фикрича, бундай холат Эронда ислоҳотлар учун фожиали зарба бўлиши мумкин.

"Ўтказилиш арафасида турган сайловларга ишончсизлик пайдо бўлганини шундоққина кўриш мумкин. Бу Эронда демократияни ривожлантириш учун энг ёмон вазият. Агар ўтган йилги маҳаллий сайловлардаги холат бу сафар ҳам такрорланадиган бўлса, бу ислоҳотлар учун жуда ёмон бўлади. Чунки ҳамма нарса консерваторлар қўлига ўтади", - дейди Алекс Ватанка

Ҳозирда кўплаб эронликларни, нега энди халқ сайлаган ислоҳотчи депутатлар устидан ҳеч ким сайламаган Васийлар Кенгаши хокимлик қилиши керак, деган савол жиддий ўйлантирмоқда.
XS
SM
MD
LG