Линклар

Ўзбекистонда бензин яна қимматлашди


Шайбон 2004 йил 3 февралдан бошлаб Ўзбекистондаги барча ёқилғи тарқитиш шахобчаларида бензин нархи оширилди. Энди А-76 маркали бир литр бензин 305 сўм, А-93 маркалиси эса 350 сўмдан сотилмоқда.

Шу кунгача А-76 280 сўм, А-93 бензини эса 315 сўм сотилаётган эди.

“Озодлик” мухбири мазкур маълумотга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси раҳбариятига мурожаат қилди. Компания раҳбарларидан бири бу хабарни бутунлай инкор қилди.

“Озодлик” мухбирининг ёқилғи тарқатиш шахобчалари ўзбошимчалик билан бензин нархини ошириши мумкинми, деган саволига ҳам у рад жавобини берди. Компания вакилининг айтишича, шахобчалар, ҳатто у шахсий бўлса ҳам, фақат махсус кўрсатма асосида шундай йўл тутиши мумкин.

Компания вакилининг бу сўзларини Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ходими ҳам тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, бензин баҳоси аниқ белгилаб берилади. Чунки бензин мамлакатимизда монопол маҳсулот ҳисобланади. Улгуржи савдода эса нархлар Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда “Ўзбекнефтгаз” томонидан оширилиши мумкин.

“Ўзбекнефтгаз” ва қўмита вакилларининг сўзлари кишини бироз таажжубга солади. Наҳотки, шахобчалар бензин нархини ўз хоҳишича кўтарган бўлса? Чунки 3 февраль куни шахобчаларнинг барчасида ёқилғи нархи ошгани тўғрисида эълонлар ёпиштирилган эди.

“Озодлик” мухбирининг бензин нархи ошгани тўғрисидаги саволига ёқилғи тарқатиш шахобчаларидан бирининг ходими қуйидагича жавоб берди:

“Вазирлар Маҳкамасининг 30 январдаги 45-қарори асосида “Ўзбекнефгаз”нинг 2 февралда чиқарган кўрсатмасига кўра, 3 февраль куни соат 00 дан бошлаб нефть маҳсулотлари баҳоси оширилди”.

Аммо “Ўзбекнефтгаз” вакили Вазирлар Маҳкамасининг бундай қарори борлигини инкор қилди. У ҳатто бензин баҳосини оширган шахобчалар раҳбарияти жавобгарликка тортилишини таъкидлаб ўтди.

Компания вакили нима демасин, бензин нархининг ошгани бор гап. Буни Тошкент шаҳридаги исталган шахобчага бориб текшириб кўриш мумкин.

Ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, ёқилғи баҳосининг ошиши транспорт нархлари кўтарилишига олиб келади. Демак, автобус чипталари ҳам ошади. Таксилар эса аллақачон ошиб бўлган. Тез орада ноннинг нархи ҳам кўтарилиши мумкин.

“Нархларнинг бу қадар кўтарилиши ақл бовар қилмас ҳол. Ҳеч бўлмаганда ойлик маош оширилгандан сўнг шундай қилинса ҳам бошқа гап эди. Бу ўта адолатсизлик, назаримда”, деди бошқа ҳайдовчи.

Ҳайдовчиларнинг маълум қилишича, сўнгги бир неча ой ичида бензин нархи тўрт марта оширилган. Бу яхшилик аломати эмас, деди улар.
XS
SM
MD
LG