Линклар

Қозоғистон Президенти Туркманбоши йўлидан бормоқдами?

  • Абдулла Искандар

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2013 йилгача лавозимда қолиши кутилмоқда.

Бу хақда Қозоғистон Президенти ëрдамчиси Эрмухаммад Эртишбоев "Асар" партиясининг шанба куни бўлиб ўтган қурултойида баëнот берди.

Қозоғистонликлар орасида сиëсатнинг фолбини деб ном олган Эртишбоев яқин ўн йил ичида мамлакатда раҳбар алмашмаслигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 1991 йилдан бери мамлакатни бошқармоқда.

1991 йилда Назарбоев Қозоғистон Олий Кенгаши томонидан президентликка сайланди.
1995 йилдаги референдумда Президентлик муддати 1999 йилгача узайтирилди.
1999 йилда Назарбоев иккинчи муддатга Президентликка сайланди.
Бу муддат 2006 йилда тугайди.

Амалдаги Қозоғистон Конституциясида Президентликка икки мартадан кўп сайланиш мумкин эмаслиги таъкидланади.

Хўш, у тақдирда Назарбоев қандай қилиб учинчи муддатга сайланиши мумкин?

Бу саволга қозоғистонлик журналист Абдуғани Жиянбоев шундай жавоб беради:

"1995 йил 30 августда Қозоғистоннинг янги Конституцияси қабул қилинди. Ана шу конституция кучга кирганидан кейин Назарбоев фақат бир марта Президентликка сайланди. Конституция қабул қилингунича сайлангани эса ҳисобга ўтмайди. Демак Назарбоевда яна бир марта сайланиш хуқуқи бор."

Қозоғистон ҳақидаги китоб муаллифи, Германиянинг Ҳали Университети ходими доктор Беате Эшмент Назарбоевнинг бу интилишини Туркманбоши йўлига тақлид қилиш, деб ҳисоблайди.

"Марказий Осиëдаги барча Президентлар аста секин Туркманбоши йўлидан боришмоқда. Бунга асосий сабаб, улар табиатидаги мутлақ ҳукмронликка интилишдир. Уларнинг ҳаммаси совет давридаги имтиëзларидан фойдаланиб ўзларини Президент деб эълон қилишди."

Германиялик олима мутлақ хукмронликка интилиш сабабини Марказий Осиë Президентларининг совет давридаги ўтмишидан қидириш лозимлигини айтади.

"Имтиëз устига имтиëзга эришиш, қонунларни айланиб ўтиш,уларни истисно қилиш улар учун оддий холга айланди. Марказий Осиëдаги Президентларнинг хаммаси турли йўллар билан охир оқибат Туркманбоши каби умрбод Президентлик сари интилмоқда."

Айрим кузатувчилар, Назарбоев даврида Қозоғистон иқтисодида эришилган ютуқларга ишора қилиб, мамлакатнинг бир раҳбар етовида фаровонлик сари қадам ташлаëтганини ижобий баҳолашади.

Доктор Беате Эшмент эса Қозоғистоннинг демократиядан орқага чекиниши келажакда ëмон оқибатларга олиб келишидан хавотирланади:

"Ғарб демократияси анъаналари руҳида тарбия топган сиëсатшунос сифатида, Қозоғистоннинг демократиядан орқага чекинаëтганлигини хеч бир сабаб билан оқлашни истамасдим. Назарбоев хозир "демократиядан оддий қозоғистонликларга наф йўқ" қабилидаги гапларни ўз халқига уқтиришга харакат қилмоқда. Бунга эътироз билдирганлар турмага ташланмоқда ëки мамлакатни тарк қилишга мажбур бўлмоқда."

Германиялик олима гапида давом этиб, Қозоғистонда муваффақиятли бошланган демократик ташаббуслар тўхтаб қолганлигини қайд қилади.

"90 йиллар бошида Қозоғистон истиқболида демократик ўзгаришлар учун катта имкониятлар бор эди.
Аммо Назарбоев бу имкониятларни бирин-кетин йўққа чиқарди."
XS
SM
MD
LG