Линклар

logo-print

Колин Пауэлл: “Балки мен Ироқ урушини қўллаб-қувватламас эдим”


Фарангис Саид

АҚШ Ироқда уруш бошлашидан олдин Саддам Ҳусайн ҳукумати оммавий қирғин қуролларига эгамиди, деган савол шу кунларда ниҳоятда долзарблашди.

3 феврал куни Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари масаласига оид яна бир муҳим баёнот қилинди. АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл агар уруш бошланишидан олдин у Ироқда катта миқдордаги ядровий, кимёвий ёки биологик қурол йўқлигини билганида, балки уруш режасини қўллаб-қувватламаган бўлишини айтди.
Мана шу масалага оид тафсилотларни бугун Фарангис Саид ўрганиб бормоқда.

Ҳ: Фарангис, авваламбор Колин Пауэлл баёнотига батафсилроқ тўхталсак. У масала юзасидан нима деди?

ФС: АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллнинг катта шов-шувга сабаб бўлган шу баёноти “Вашингтон Пост” газетаси мухбири билан суҳбатда қилинган. Газетанинг 3 феврал кунги сонида чоп этилган интервьюсида Пауэлл “Ироқда таъқиқланган оммавий қирғин қуроллари топилмагани сиёсий ҳисоб-китобни ўзгатирмоқда”, деб айтган. У, шунингдек, ўтган йили АҚШ Ироқда катта миқдордаги оммавий қирғин қуроллари, яъни ман этилган қуроллар борлигига ишонган ҳолда уруш бошлаганини айтиб, “агар мен Ироқда бу турдаги қуроллар йўқлигини билганимда, балки урушни қўллаб-қувватламаган бўлар эдим”, мазмунида гапирган.

Ҳ: Фарангис, Колин Пауэлл шу фикрларни ўтган ҳафтада АҚШнинг Ироқдаги қуроллар бўйича собиқ инспектори Дэвид Кей чиқишидан кейин билдирди. Ўтган ҳафта Кей АҚШ Конгрессида чиқиш қилиб, Ироқда ман этилган қуроллар борлиги эҳтимоли жуда камлигини айтган эди. Пауэлл баёноти Кей чиқиши билан боғлиқми?

ФС: Ҳақиқатан ҳам, аксарият кузатувчиларга кўра, сўнгги 1 ҳафта ичида юз берган воқеалар силсиласи бир занжир бўғинларидир. Биринчи воқеа 28 январ, ўтган чоршанба куни рўй берди. Унда, сиз айтиб ўтганингиздек, Дэвид Кей Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлигидан шубҳаланаётганини билдирган эди.
Иккинчи воқеа 2 феврал, душанба куни АҚШ Президенти Жорж Бушнинг масалани ўрганиш мақсадида махсус комиссия тузилганини маълум қилиши бўлди.

Ва учинчиси – Колин Пауэлл баёноти.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, бундан қарийб бир йил аввал АҚШ Давлат Котиби БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор, деб чиқиш қилган ва Буш маъмуриятининг уруш бошлаш режасини қўллаб-қувватлаган эди.

Ўшанда Пауэлл мана бундай деган эди:

- Саддам Ҳусайн биологик қуролга эгалиги ва яна кўп, жуда кўп қурол ишлаб чиқаришга қодирлигига шубҳа йўқ. У, шунингдек, бу ўлим келтирувчи заҳар ва касалликларни тарқатишга қодир. Бу эса оммавий ўлимлар ва вайронагарчиликка олиб келади.

Шундай деган АҚШ расмийси, бу баёноти жиддий манбалар билан тасдиқлангани, иддао эмас, балки факт экани, разведка хизмати маълумотларига асосланган фактлар эканини таъкидлаган эди.

Ҳ: Мана бир йил ўтиб, Пауэлл кескин фарқ қилувчи баёнот беряпти. Демак, Пауэлл Ироқ уруши нотўғри иш бўлган, деб айтяпти-да. шундайми?

ФС: Йўқ, у “Ироқда ОҚҚ йўқлигини билганимда, уруш режасини балки қўллаб-қувватламаган бўлардим”, деяётганига қарамай, айни вақтда “Вашингтон Пост” газетасига берган интервьюсида уруш тўғри иш бўлгани ва вақт бу қарор тўғрилигини намойиш қилишини айтди.

Ҳ: Вақт ҳақиқатан ҳам ким ҳақу, ким ноҳақлигини кўрсатади.
Фарангис, Колин Пауэллнинг ўтган йилги баёнотига деярли зид баёнот бераётганини эшитиб, “Вашингтон Пост” мухбири бу ҳақда савол бермаптими? Чунки бир йил аввал Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжудлигини тасдиқловчи жиддий фактлар борлигини таъкидлаган расмий бугунги кунга келиб улардан ўзи шубҳаланаяпти?


ФС: “Вашингтон Пост” мухбири билан суҳбатда Колин Пауэлл мана шу масала, яъни ўзининг бир йил олдин берган баёноти билан бугунги чиқиши ўртасидаги фарққа тушунтириш беришга ҳаракат қилган. У БМТ Хавфсизлик Кенгашида қилган чиқиши АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси маълумотларига асосланганини айтди. Пауэлл “менинг чиқишимда Марказий Разведка Бошқармаси томонидан тасдиқланмаган бирорта ҳам сўз йўқ эди”, деб айтди. Ва айни вақтда у разведка маълумотлари нотўғри бўлгани аниқланган тақдирда ҳам, разведка хизмати фаолияти ва разведкачилар ишига ишончини йўқотмаслигини айтди.

Ҳ: Фарангис, берган маълумотларингиз учун рахмат.
XS
SM
MD
LG