Линклар

Самарқадда бошсиз чақалоқ туғилди


Нурбек Самарқанд шаҳридаги 4-туғруқхонада боши йўқ чақалоқ дунёга келди. Унинг вазни, тана аъзолари ва қўл-оёқлари меъёрида ривожланган, лекин юзи кўкрак қисмида жойлашган.

Хабарларга кўра, чақалоқ вилоятнинг Ургут туманилик 24 ёшли аёлдан дунёга келган. Шифокорлар бу аёлнинг исми-шарифини сир тутмоқда.

4-туғруқхона шифокори Меҳрибон Розиқованинг айтишича, кўзи ёриш учун келган аёлнинг ҳомиласи тиббий назоратдан ўтказилганда чақалоқнинг ногиронлиги аниқланган. Чақалоқнинг бундай ривожланишига цитамеголавирусли инфекция бош сабаб бўлган. Бундай инфекцияли ҳомиладор аёллар, асосан, Ургут туманидан келмоқда.

Туғруқҳона бош шифокори Замира Аҳтамованинг таъкидлашича, бундай ногирон чақалоқлар дунёга келиши ягона ҳодиса эмас. Сўнгги уч ой давомида ногирон туғилиши кутилган 50 дан ортиқ ҳомила сунъий равишда туширилган. Бундай ҳомилаларда қўл-оёқлар ва ички аъзолар ривожланмаган. Буларнинг асосий қисми қариндошлар ўртасида тузилаётган никоҳ оқибатидир.

Репродуктив саломатлик маркази директори Комила Муқимова 2003 йилда вилоятда 8 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилгани, уларнинг анчагинаси қариндошлар ўртасидаги тузилганини маълум қилди. Унинг айтишича, шифокорларнинг қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарари ҳақидаги маслаҳатлари инобатга олинмаяпти.

“Қариндошлар ўртасидаги никоҳни тўхтатишга ҳаққимиз йўқ. Лекин уларга керакли маслаҳатларни берамиз. Бу никоҳдан ногирон фарзандлар туғилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирамиз. Шунга қарамай, ёшлар турмуш қурса, бу уларнинг ихтиёридир”, деди К.Муқимова.
XS
SM
MD
LG