Линклар

С.Икромов: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият ўзгаргани йўқ

  • Садриддин Ашур

30-31 январь кунлари Бишкек шаҳрида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Хельсинки халқаро федерацияси анжумани бўлди. Унда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов ҳам маъруза қилди.

“Озодлик” мухбири С.Икромов билан мазкур анжуман ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият хусусида суҳбатлашди.

Мухбир: Сиз анжуманда Марказий Осиё давлатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятлари, эришилган муваффақиятлар ва вазифалари ҳақида маъруза қилган экансиз. Айтингчи, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятга қандай баҳо берасиз?

Икромов: Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият деярли ўзгаргани йўқ. Сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмайди. Лекин эътибор қаратиш керакки, омма орасида бу борада фикрлаш кучайгани сезилмоқда. Фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида анча фаоллашгани билинмоқда.

Мухбир: Диний экстремистик оқимларга алоқадорликда айбланган фуқаролар устидан турли суд жараёнлари ўтказилмоқда. Сиз уларда жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этмоқдасиз. Судланаётган бу фуқароларнинг диний экстремизмга ёки террорчиликка қанчалик алоқаси бор?

Икромов: Мен бир неча жиноят ишларини кўриб чиқиб, судларда қатнашиб, монтиронглар ўтказиб шундай хулосага келдимки, уларга қўйилган айблар тўқиб чиқарилган. Уларнинг айбдорлиги тўғрисида бирорта далил-исбот йўқ. Ҳибсга олиш ва тергов вақтида қийноқлар қўлланилиб, айбланувчилар қилмаган ишлари тўғрисидаги ҳужжатларга қўл қўйишга мажбур этилган.

Муухбир: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан провокация уюштириш ҳолатлари ҳам мавжуд, деган маълумотлар бор. Сизга нисбатан ҳам шундай тажовуз уюштирилган ва сиз қаттиқ тан жароҳати олгансиз. Айтингчи, сизга ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши уюштирилган провокация бўйича қўзғатилган жиноят ишлари ниҳоясига етказилганми?

Икромов: Менга қарши уюштирилган тажовуз бўйича жиноят иши қўзғатилган. Лекин ҳали бу иш охирига етмади. Етказилишига ҳам умидим кам. Негаки, бу буюртма иш. Бундай иш ортида эса юқори лавозимли арбоблар туради.
XS
SM
MD
LG