Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:02

Ўзбекистонда юзга яқин черков ва синагог бор


2 февраль куни Тошкент ислом университетида ҳукуматнинг сўнгги ўн икки йил давомидаги диний сиёсати ва университет фаолиятига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Тошкент ислом университети ректори Зуҳриддин Ҳусниддинов, Дин ишлари қўмитаси раиси Шоазим Миноваров иштирок этди

З.Ҳусниддиновнинг таъкидлашича, амалдаги ҳукуматнинг диний сиёсатидаги асосий жиҳат диннинг сиёсатдан ажратилганидир.

Президентнинг Давлат маслаҳатчиси йиғилганлар эътиборини Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги қарорига қаратди. Ушбу қарорга мувофиқ 2003 йилдан бошлаб Тошкент ислом университети ва махус диний таълим берадиган 10 та муассасанинг дипломлари давлат ўқув юртлари ҳужжатларига тенглаштирилди. Шунингдек, барча диний муассасалар коммунал тўловларни юридик шахс сифатида эмас, аҳоли учун белгиланган тарифлар асосида тўлайдиган бўлди.

Брифингда Ўзбекистонда юзга яқин черков ва синогог фаолият кўрсатаётгани маълум қилинди.

Тадбирда журналистлар томонидан ҳажга жўнатишда ноқонуний усуллардан фойдаланувчи гуруҳлар мавжудлиги, зиёрат харажатлари сунъий равишда оширилиши ҳақидаги саволлар берилди. Бироқ бу маълумотлар Ш.Миноваров томонидан рад этилди. Унинг таъкидлашича, бу йилги ҳаж харажатлари 2 миллион 130 минг сўмни (тахминан 2130 АҚШ доллар) ташкил этган.

З.Ҳусниддиновнинг айтишича, Ўзбекистонда фуқаролар диний қарашлари учун таъқиб қилинмайди. Қамоқда ўтирган диндор маҳбуслар эса мамлакат қонунларини бузган. Шунингдек, уларнинг сони 10 мингдан ортиқлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам нотўғри. 2000 йилда улар сони беш мингга яқин бўлган. Сўнгги уч йил давомида қўлланилган амнистиялар туфайли диндор маҳбусларнинг 1600 таси озод қилинган. 2003 йилда эълон қилинган амнистия масаласида махсус комиссия иш олиб борган ва ҳар бир диндор маҳбус билан бирма-бир суҳбат ўтказган. Суҳбатлар чоғида 1300 маҳбус адашгани ва бундан астойдил афсусланаётганини билдирган. 2003 йилда улардан 700 нафарига амнистия қўлланилиб, озод этилган.

Ш.Миноваровнинг таъкидлашича, жорий йилда шундай маҳбусларнинг 17 нафари ишга жойлашишда ёрдам беришни сўраб, қўмитага мурожаат қилган ва уларнинг масаласи ижобий ҳал этилган.

Қўмита раисининг айтишича, озод этилган диндор маҳбусларнинг яна қайтадан ҳибсга олиниши ҳақидаги гап-сўзлар ўринсиздир. Масалан, сўнгги ойларда озод қилинганларнинг фақат учтаси қайта қамоққа олинган, холос.

Брифингда ҳукумат вакиллари айтган фикрларга айримлар жиддий эътироз билдирмоқда. Масалан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Искандар Худойбергановнинг эътирофича, Ўзбекистонда ҳур фикрлиларга тоқат қилинмайди.

“Дин вакиллари бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан салбий фикр билдирмаса, ҳукумат ҳам уларга яхши муносабатда бўлади. Лекин улар танқидни бошласа, панжара ортига тушади. Масалан, “Ҳизб ут-таҳрир” оқими аъзолари фикрига қўшилиш ёки қўшилмаслик мумкин. Аммо шуниси аниқки, улар ҳукуматнинг зулмкор сиёсатига бўйсунмаган кишилардир. Тўғри, уларнинг танқидлари баъзан қўпол оҳангда янграр. Лекин бу мазкур оқим аъзоларини таъқиб қилишга асос бўлмаслиги керак”, деди И.Худойберганов.
XS
SM
MD
LG