Линклар

Газ масаласи Россия ва Беларус иштирокидаги иттифоқнинг тузилишига тўсиқ бўладими?


Фарангис Саид Совет Иттифоқи парчаланганидан буён Беларус Президенти Аляксандр Лукашенко Россия билан яқинлашишга интилади. Шундай интилишлар натижаси ўлароқ, бугунги кунгача Россия ва Беларус ўртасида икки томонлама муносабатлардан тортиб то иттифоқ тузиш ва ягона валюта маконини барпо этишгача - қатор масалаларга бағишланган шартномаю-битимлар имзоланди.

Келишувларнинг бирига кўра, Беларус 2005 йил 1 январидан бошлаб ўз ҳудудида Россия рублини муомилага киритиши, бу муддатга 6 ой қолганида эса нақд бўлмаган тўловлар ва ҳисоб-китобларни Россия рублида олиб бора бошлаши кўзда тутилган.

Бу ўзгартишнинг киритилишига ярим йил, ягона рубл ҳудудининг барпо этилишига эса бир йилдан озроқ муддат қолганида, Россиянинг “Газпром” ширкати субсидиялик савдо-сотиқ тўхтатилиши ва Беларус Россия газини жаҳон бозоридаги нархлар бўйича сотиб олиши кераклигини маълум қилди. Ўзининг ультиматумдек янграган бу қарорини сал бўлса-да юмшатишга ҳаракат қилган Москва Беларусга газни сотиб олиш учун кредит ажратишга тайёрлигини билдирди. Минск расмийлари таклифни кўриб чиқишларини айтдилар. Мустақил кузатувчилар эса Минскнинг кредит олишдан бошқа иложи йўқ, дея фикр билдирдилар. Айни кузатувчилар газ устидаги тортишувни икки мамлакат ўртасида кўп йиллардан буён муҳокама этиб келинаётган иттифоқ масаласининг амалга ошишини ҳам шубҳа остига қўйганини айтдилар.

Москвада жойлашган Карнеги жамғармаси таҳлилчиси Николай Петров расмий Москва ва “Газпром” ширкатининг қарорига тушунтириш берар экан, бугунги кунга келиб Россия учун Беларус билан иттифоқ тузиш истиқболи ўз жозибасини йўқотиб бўлган, деб фикр билдиради. Таҳлилчига кўра, сўнгги пайтда Кремл Беларус билан иттифоқ тузиш масаласига деярли эътибор қаратмаяпти. Россиялик фуқаролар учун ҳам бу устувор масала эмас. Аксинча, аксарият россияликлар қўшни мамлакатлар билан муносабатлар совет услубидаги “оға-инлик” асосида эмас, балки соғлом, бозор иқтисодиёти асосида бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар:

- Россия-Беларус Иттифоқи Россия ташқи сиёсатининг устувор масаласи эмас. Жамоатчилик фикрича, Россия МДҲ мамлакатларига нисбатан нефт ва газ нархи масаласида прагматик ёндашувни қўллаши лозим. Аксарият аҳолига кўра, иттифоқ ёки иттифоқ ҳақидаги кўп йиллар аввал илгари сурилган ва вақт ўтиб ўз қадрини йўқотган мавҳум ғоялар деб, жиддий иқтисодий муросаларга бормаслик керак.

Беларусда ўтказилган ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, аҳолининг 72 фоизи Россияга қўшилишга қарши чиқиб, Беларус мустақиллигини қўллаб-қувватлаган. Айни вақтда 50 фоиз беларусликлар Россия билан иқтисодий иттифоқ тузишга рози бўлганлар. Аксарият фуқаролар, шунингдек, Беларуснинг НАТО ташкилоти ёки Европа Иттифоқига қўшилиши керак, деб ҳисоблайди.

Минскда жойлашган Ижтимоий-иқтисодий ва Сиёсий Тадқиқотлар Институти раҳбари Олег Манаев фикрича, фуқароларнинг бир-бирига зид бўлган мақсадларга интилаётгани уларда мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни қандай бўлиши кераклиги хусусидаги фикри ҳали шаклланмаганидан келиб чиқади:

- Нафақат бизнинг институтимиз, балки бошқалар томонидан ўтказилган сўровлар шуни кўрсатяпти-ки, Беларус жамиятида ҳукуматнинг ташқи ҳамда иқтисодий сиёсатидан норози бўлганлар жуда кўп ва бундайлар сони тобора ошиб бормоқда.

Россия ва Беларус ўртасидаги, айримлар томонидан “газ уруши”, деб номланган тортишув нима билан тугашини ҳозирда айтиш қийин.

Икки мамлакат ўртасидаги иттифоқ масаласига келсак, мутахассислар фикрича, Россияда март ойида ўтказилиши кутилаётган президентликка сайловларгача Владимир Путин бу масалани узил-кесил ҳал қилмайди. Чунки у россияликлар орасидаги иттифоқ тарафдорларини ранжитгиси ва уларнинг овозларини йўқотгиси келмаяпти. Хуллас, иттифоқ масаласи сайловлардан кейин кўриб чиқилади. Унгача, қарабсиз-ки, Беларус қишдан ҳам чиқиб олади ва газ масаласида яна ўзини пайсалга сола бошлайди, дейишмоқда айрим кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG