Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:39

Янги элчи журналистлар билан учрашди


Шайбон 2 февраль куни Тошкентдаги Интерконтиненталь меҳмонхонасида АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси Жон Роберт Пурнелл журналистлар билан учрашди.

Мулоқот аввалида элчи ўз фаолиятини бошлаганига эндигина уч ҳафта бўлгани, шунинг учун баъзи саволларга тўлиқ жавоб бера олмаслиги мумкинлигини таъкидлади. Шунга қарамай, учрашув анча жонли ўтди.

Дастлаб журналистлар Ж.Пурнелл эътиборини “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг рўйхатга олинмаётганига қаратиб, бунга АҚШнинг муносабати билан қизиқди.

“2002 йилда имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида Ўзбекистон ҳукумати билан фаол мулоқот олиб боряпмиз, деди элчи бу саволга жавоб берар экан. Мазкур битим хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш каби мавзулар билан бирга демократик тараққиёт масалаларини ҳам қамраб олади. Маълум партияни рўйхатдан ўтказиш масаласи ҳам мазкур келишувга бевосита боғлиқ. Демакки, биз бу борада Ўзбекистон ҳукуматига имконимиз даражасида тегишли мурожаатлар қиламиз”.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган барча хорижий нодавлат ташкилотлар жорий йилда Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтиши лозим. Элчининг айтишича, элчихона АҚШнинг нодавлат ташкилотлари бу жараёндан муаммосиз ўтиши учун тегишли чоралар кўрмоқда.

Ўтган йил сўнггида хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият ёмонлашгани боис АҚШ ҳукумати бу мамлакатга молиявий ёрдам миқдорини қисқартириши ҳақида хабар тарқатган эди. Элчи бу маълумотни инкор этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонга ажратиладиган ёрдам миқдори камайтирилмаган. Мамлакатга кўмак кўрсатиш мақсадида ишлаб чиқилган дастурлар ҳам ўзгармаган.

Жорж Буш маъмурияти инсон ҳуқуқлари паймол этилаётган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилаётгани учун танқид остига олинмоқда. Учрашувда элчига Жорж Буш маъмурияти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият юзасидан ҳам танқид қилиняптими, деган савол берилди.

“Бундай танқид дипломат сифатида фаолият бошлаган пайтларимдан буён мавжуд. Биз Ўзбекистон ва бошқа шу каби давлатлар билан кенг қамровли ҳамкорлик ўрнатганмиз. Албатта, агар биз инсон ҳуқуқлари бузилиши юзасидан сукут сақласак, бу ерда фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз олдида уялиб қоламиз. Чиндан ҳам бундай муаммо Ўзбекистонда мавжудми? Ҳа, мавжуд ва биз бу борада давомли мулоқотлар олиб боряпмиз”, деди элчи.

Ж.Пурнелл АҚШ тадбиркорларининг Ўзбекистонга сармоя киритиши айни пайтда бу ерда ишлаётган америкалик тадбиркорларга боғлиқлигини таъкидлади. Яъни, деди у, агар америкалик тадбиркорлар Ўзбекистондаги фаолиятидан қониқиш ҳосил қилса, бу ердаги вазият эркин ишлаш учун етарли имконият туғдиришини ҳамкасбларига етказса, ўз-ўзидан бошқа сармоядорларнинг ҳам мамлакатга қизиқиши ошади.
XS
SM
MD
LG