Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:02

Россия ўз қўшинларини Грузиядан қачон чиқаради?


Россия қуролли кучлари расмийси "мамлакат қўшинлари 7-9 йилдан кейин Грузиядан олиб чиқилиши мумкинлигини " билдирди.

Ройтер ахборот агентлигига берган интервюсида Россия Қуролли кучлари Бош штаби вакили Генерал-полковник Юрий Балуевский.

"Биз ушбу масала бўйича муросавий қарор излашга мажбурмиз. Балки 7-9 йил ичида ўз қўшинларимизни Грузиядан олиб чиқиб кетишга муваффақ бўлармиз," деб таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз Грузиянинг Батуми ва Ахал-Қала худудида Россия қўшинлари жойлаштирилган.

Бу қўшинлар Истанбул келишувига мувофиқ 2004 йилда Грузиядан олиб чиқиб кетилиши керак эди.

Аммо Россия тарафи турли бахоналар билан ўз қўшинларининг Грузиядан олиб чиқиш масаласини пайсалга солиб келмоқда.

Яқин-яқинларгача расмий Москва Россия қўшинларининг Грузиядан олиб чиқиб кетилиши учун камида 15 йил зарурлигини айтиб келар эди.

Грузия томони эса бу тадбирни уч йил ичида амалга оширилишини талаб қилиб келган эди.

Россия Қуролли кучлари расмийси Юрий Балуевский баëноти бу масалага ойдинлик киритгандай бўлди.

Айрим тахлилчилар бу холатни Россиянинг Грузияга ëн бериши сифатида талқин қилишмоқда.

Озодлик журналисти Давид Какабадзе бу ëн беришнинг АҚШ таъсири билан рўй берганлигини айтади:

"Грузия худудидаги Россияга қарашли 2 харбий базадан, яъни Батуми ва Аҳал-Қаладаги базалардан қўшинларни олиб чиқиб кетишни Расмий Москва доимо пайсалга солиб келаëтган эди. Улар қўшинларимизни Россияга кўчириш учун маблағимиз йўқ деган бахонани доимо қўллашади.
Аммо АҚШ нинг бу ишга аралашуви вазиятни яхши томонга ўзгартирди. АҚШ Россия қўшинларини Грузиядан олиб чиқиш билан боғлиқ харажатларни қоплайдиган бўлди."
АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл Россия Истанбул шартномасига амал қилиб Грузиядан чиқиб кетишини таъкидлаган эди.


"Мен Россия ва Грузияни, Грузия худудларидаги Россия харбий хозирлиги билан боғлиқ масалаларни хал қилишга чақираман. Мен яна бир бор Молдова ва Грузия бўйича эришилган Истанбул шартномаси талабларини имкон қадар тезроқ бажаришга чақираман."
Озодлик журналисти Давид Какабидзе Россиянинг Грузиядаги харбий базалари ëпилиши икки давлат орасидаги муносабатларга ижобий таъсир қилишини айтади:

"Россия қўшинларининг Грузиядан олиб чиқилиши бир томондан Россия –Грузия муносабатларида янги сахифа очса, иккинчи томондан Абхазия ва Расмий Тбилиси ўртасидаги зиддият ҳам барҳам топишига ëрдам беради "
XS
SM
MD
LG