Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:51

Францияда собиқ Бош вазир маҳкамага тортилди


Францияда бўлғуси сайловларда президентлик курсисига асосий даъвогарлардан бири - Алан Жюппэ устидан маҳкама жараёни давом этмоқда. Бордо хокими ва айни пайтда Жак Ширак асос солган партия етакчиси Жюппэ саксонинчи йиллар оҳири ва тўқсонинчи йиллар бошида коррупция ишларига алоқадорликда айбланмоқда. Ўша пайтда Франциянинг ҳозирги Президенти Жак Ширак Париж хокими, Алан Жюппэ эса у асос солган "Республика ҳимояси учун" партияси котиби сифатида Ширакнинг ўнг қўли, яъни молиявий ишлар бўйича масъул ёрдамчиси бўлган.

Олиб борилган тергов жараёнида Жюппэ ўша пайтда ўз бошлиқлари манфаатини кўзлаб сохта иш ўринлари яратгани ва у етакчилик қилаётган партия Париж хокимияти ва турли хусусий қурилиш ширкатларидан маблағлар олиб, уларни қонунга хилоф тарзда ишлатгани маълум бўлди.

Кузатувчилар ушбу молиялар 1995 йилда Ширакнинг хоким лавозимидан мамлакат президентлигига кўтарилишида, Алан Жюппэнинг эса бош вазир курсинини эгаллашида маълум маънода рол ўйнаганини назардан соқит қилишмаяпти.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам билинади, деганларидак, Францияда ўн йил олдин давлат миқёсида содир этилган қонунбузарликлар аста-секин сув юзига чиққаётган кўринади. Аммо, терговчиларнинг Президент Жак Ширакни жавобгарликка тортиш уринишлари бесамар бўлди. Гарчи, айбномада Франция Президенти Жак Ширак номи ҳам келтирилса-да, мамлакат Олий Судининг ўтган йилги Президент дахлсизлиги тўғрисидаги қарори Ширакни жиноий жавобгарликдан озод этди.

Шу боис ҳозир фақат Бордо хокими Алан Жюппэ ҳуқуқ-тартибот органлари нишонида қолмоқда. Агар француз амалдорининг айби исботланса, у камида беш йил қамоқ жазосига тортилиши ва сиёсий фаолиятдан махрум этилиши мумкин.

Душанба куни Франция Президенти Жак Ширак эски дўсти ва сафдоши Жюппэга қўйилаётган айбловларни инкор этар экан, уни олийжаноб инсон сифатида таърифлади.

"Алан Жюппэ олийжаноб, масъулиятли, инсонпарвар ва самимий сиёсатчи ва Франция шундай одамга мухтож", - деди Ширак.

Алан Жюппэ атрофидаги ҳодисалар демократик мамлакатларда ҳар бир одам, хоҳ у давлат амалдори бўлсин, хоҳ оддий фуқаро, қилмишига яраша жавоб беради, деган принцип кучда эканини намойиш этмоқда. Бироқ, шуни ҳам айтиш керакки, 1981 йилда Франсуа Миттеран президентлиги давридан бери Францияда бир неча давлат амалдори порахўрликда айбланди, аммо жиноий жавобгарликка тортилмаган эди.

Сиёсий коррупция масалалари бўйича франциялик эксперт Вероник Пужа гапиради:

"Айблов Алан Жюппэ Жак Ширакга бўй-сунувчи шахс сифатида ҳаракат қилганини кўрсатмоқда. Шундай экан, юридик жиҳатдан Ширак асосий айбдор шахс сифатида кўрилмоқда. Бироқ, жиноий жавобгарликка Ширак эмас, Алан Жюппэ тортилаётгани ҳали маҳкама давом этишидан ишора. Яъни, Ширак ҳам президентлик муддати тугагандан сўнг Алан Жюппэ каби жавобгарликка тортилиши мумкин", - деди Вероник Пужа.
XS
SM
MD
LG