Линклар

logo-print

Исроил хавфсизлик девори масаласи


А. Арол Куни-кеча АҚШ ва Европа Иттифоқи Ҳаага Халқаро Судининг Исроил хавфсизлик девори режаси қанчалик қонуний эканлигини ўрганиш ташаббусига қаршилик билдирди. Маълумки Исроил ўз хавфсизлигини таъминлаш иддаоси билан Иордан дарëсининг шарқий қисмида хавфсизлик деворини қуришга киришган. Халқаро суд келгуси уч ҳафта ичида ушбу масалани муҳокама этади.

Исроил Бош вазири Ариел Шарон АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатларга халқаро суд Исроилнинг мудофаа деворини қуриши масаласини кўриб чиқишига қаршилик билдирганлари учун миннатдорлик билдирди.

Европа Иттифонинг навбатдаги Президенти Ирландия Ташқи Ишлар Вазири Бриэн Ковен Иттифоқнинг бу борадаги қарашларини яқин кунлар ичида Халқаро судга тақдим этади. Унинг билдиришича, муаммони суд орқали эмас, балки сиëсий йўллар билан ҳал этиш керак.

Аммо айтиш керакки, Европа Иттифоқи бундай девор қурилиши фаластинликлар билан исроилликлар ўртасида тинчлик ўрнатиш ҳаракатларига салбий таъсир кўрсатади, деб билади.

Европа Иттифоқи расмийларининг айтишларича, Исроилнинг Фаластин тупроқларида хавфсизлик деворини қуриши халқаро қонунларга зиддир.

Бироқ, Исроил ҳукумат расмийларининг таъкидлашича, 710 километр узунликдаги ушбу деворни қуришдан мақсад фаластинлик худкуш террорчиларнинг исроилликларга қарши амалиëтларини олдини олишдан иборатдир.

Исроил Бош Вазири Ариел Шаронга кўра, хавфсизлик деворини қуриб битиришдан олдин Фаластин ҳудудларидаги исроилликларни у ерлардан кўчириш керак.

"Масалани ҳал қилиш пайти ва имкони пайдо бўлганида, турар жойларни кўчиришга тўғри келади".

2 феврал куни Шарон Ғазо минтақасидаги яҳудийлар яшайдиган 17 мавзедан 7500 киши кўчирилиши масаласини кўриб чиқаëтганини билдирди. У шунингдек, келажакда Ғазо минтақасида бирор яҳудий қолмаслиги устида ҳам иш олиб борилишини таъкидлади.

Исроил расмийларига кўра, халқаро суд девор қуриш масалани муҳокама этадиган муносиб жой эмас. Шарон АҚШ ва Европа Иттифоқи Халқаро суднинг шу режани кўриб чиқишга қаршилик кўрсатганини ижобий баҳолади.

Аммо фаластинликлар Исроилнинг хавфсизлик деворини қуришдан кўзлаган асосий мақсади Фаластин ҳудудларини ўз назоратига олишдан иборатдир, деб таъкидлашмоқда.

Фаластин раҳбари Ясир Арафатнинг Қуддсда Христиан пешволари билан мулоқоти давомида айтишича, Исроилнинг хавфсизлик девори режасини ҳимоя қилаëтган давлатлар халқаро қонунларни ҳурмат қилмайдилар.

Айни пайтда Исроил Вашингтондан инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботни эълон қилишни кечиктиришни сўраган. Чунки Исроил ҳукумати хавфсизлик деворини қуриш соҳасида қаттиқ танқидларга юзма-юз келиши ва бу эса Халқаро суд ишларига таъсир этиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Масаланинг 23 февралдан бошлаб Халқаро судда кўриб чиқилиши бу режага таъсир этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG