Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:14

Чордара сув омборида сув тошиш хавфи бор.


Аввалги эшиттиришларимизда Қозоғистоннинг Чордара сув омборида сув сатҳи кўратилаётгани, агар зарурий чоралар кўрилмаса, сув тошқини юз бериши мумкинлиги ҳақида маълумот берган эдик.

Душанба куни Қозоғистондаги “Аграр партия” раиси Ромин Мадинов бошчилигидаги депутатлар гуруҳи Чордара сув омборидаги вазият билан яқиндан танишиш мақсадида, жанубий Қозоғистон вилоятига келдилар.

“Ҳозирда вазият мураккаб. Сув муаммоси анчадан бери хал этилмай келмоқда. Агар у ҳал этилса, қишда сув тошиши хавфидан, ёзда эса сув танқислиги муаммосидан қутилган бўламиз”, - дейди депутат Нурбах Рустемов. Унга кўра, ҳозирда Сирдарё ҳавзасида жойлашган давлатлар бугунги кун муаммосидан ўтиб, бу каби узоқ муддатли вазифага аҳамият бермаяптилар.

Чордара гидро электр станцияси бўлим бошлиғи Тугул Лесбеков, ҳозирда сув омборига кунига етти миллиондан ўн тўрт миллион куб метргача сув оқиб келаётганини айтади. Унга кўра, агар вазият шундай давом этса, феврал ойи ўрталарида омбордаги сув сатҳи, тошиш даражасига етиши мумкин.

Мутахассисларга кўра, сўнгги кунларда Чордарада вазият барқарорлашган. Ўтган ой омбордан чиқарилаётган сув миқдори биринчи марта оқиб келаётган сув ҳажмидан кўп бўлди. Бироқ хотиржам бўлишга ҳозирча асос йўқ. Чунки Қирғизистон томонидан оқизиб юборилган катта ҳажмдаги сув оқими яқин кунларда Чордарага етиб келиши мумкин.

Қирғизистон электр станциялари эксплуатация бўлими бошлиғи ўринбосари Алексей Зрянов, қиш фаслида аҳолига кўпроқ электр етказиб бериш мақсадида Тўхтағул сув омборидан кўпроқ сув оқизилаётганини таъкидлайди. Айни пайтда, у Чордара сув омборида сув сатҳи кўтарилишини тўхтатиш Ўзбекистонга боғлиқ, деган фикрни билдиради. Алексей Зрянов фикрича, баҳор келиши билан нафақат Чордара, балки Сирдарё ҳавзасида жойлашган Қайроққум ва шу каби бошқа сув омборларида ҳам сув тошиши хавфи пайдо бўлиши мумкин. Бу эса минтақа давлатлари ўртасида сув масаласида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмагани натижасидир.

Ҳозирда Чордара сув омборидаги сув миқдори тахминан 4 миллиард 860 миллион куб метрни ташкил этади. Бу эса лойиҳада кўзда тутилган ҳажмдан 340 миллион куб метр кам. Айни кунларда Чордарадан Ўзбекистоннинг Арнасой кўлига секундига 402 куб метр, Сирдарё ўзанига эса 730 куб метр сув оқизилмоқда. Бундан ташқари яна секундига 100 куб метр сув Қизилқум каналига оқизилмоқда. Мутахассислар фикрича, Чордарадан сув тошишига йўл қўймасликнинг ягона йўли Арнасойга оқизилаётган сув ҳажмини кўпайтиришдир.

Қозоғистондаги «Аграр партия”нинг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида сўзга чиққан депутат Шарип Умаров, Чордара сув омбори муаммосини фақат давлат раҳбарлари ҳал эта олади, деган фикр билдирди: “Менимча, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентларига мурожаат қилиш бефойда. Биз масалани ҳал эта оладиган одамларга мурожаат қилишимиз керак. Бу масалани фақат давлат раҳбарлари ҳал этадилар”, - дейди депутат Умаров.

Сўнгги икки ой давомида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари сув муаммосини муҳокама қилиш учун Алмати, Остона, Шимкент ва Тошкентда камида етти марта учрашув ўтказдилар. Музокаралар натижасида томонлар барча масалалар бўлмасада, айрим муҳим масалаларда бир қарорга келинганини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG