Линклар

ЕТТБ Ўзбекистондаги инвестициявий муҳитдан қониқмаётир


Тўлқин Шу кунларда Тошкентда ташриф билан бўлиб турган Европада тикланиш ва тараққиёт банки делегацияси аъзолари 3 февраль куни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилотлари вакиллари билан учрашди.

Хабарларга қараганда, учрашувда асосий эътибор нодавлат ташкилотларнинг Адлия вазирлиги рўйхатга олиниши масаласига қаратилган. Шунингдек, учрашувда иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг айтишича, делегация аъзолари ЕТТБнинг ўтган йили Тошкентда ўтказилган сессиясидан сўнг мамлакатда юз берган ўзгаришлар билан қизиққан.

Эслатиб ўтамиз, ЕТТБ делегацияси банкнинг Ўзбекистон учун бундан бир йил муқаддам белгилаган стратегияси юзасидан мониторинг ўтказиш мақсадида ташриф буюрган. Айни стратегия мамлакатда сиёсий ва иқтисодий соҳалар, инсон ҳуқуқлари бўйича ўзгаришлар қилинишини назарда тутади.

Мазкур делегация аъзолари билан учрашувда Ўзбекистондаги ўнга яқин нодавлат ташкилот вакиллари қатнашди. Т.Ёқубовнинг айтишича, бу вакилларнинг аксарияти ЕТТБнинг Тошкент сессиясидан буён мамлакатда бирор ижобий ўзгариш кўзга ташланмаганини таъкидлаган.

Учрашув иштирокчиси, “Эзгулик” ташкилоти раисаси Васила Иноятова эса ўтган йили бир қанча сиёсий партияларнинг қурултой ўтказгани, конвертация очилганини ижобий ўзгаришлар сифатида санаб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг айтишича, учрашувда маҳаллий вакиллар Ўзбекистонга кредит беришни тўхтатмасликни, лекин уни ишлатиш қаттиқ назорат остида амалга оширилиши лозимлигини сўраган. Назорат қилиш органлари таркибига нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам киритилиши зарурлигини билдирган.

Мазкур учрашувдан сўнг ЕТТБ матбуот хизмати ходими Жеффри Ҳайди журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Унинг таъкидлашича, банк директорлари Ўзбекистондаги инвестициявий муҳит ҳозирча талабга жавоб бермайди, деб ҳисобламоқда. Шу боис, ўтган йили ЕТТБ Ўзбекистонга атиги 25 миллион евро сармоя ажратган. Агар мамлакатдаги инвестициявий муҳит талабга жавоб берса, банк Ўзбекистон учун йилига тахминан 100 миллион евро миқдорида маблағ ажратиши мумкин.

Ж.Ҳайдининг маълум қилишича, делегация аъзолари Лондонга қайтгач, икки ҳафта давомида мониторинг натижаларини муҳокама этиб, сўнг Ўзбекистон бўйича ҳисоботни эълон қилади.

3 февраль куни йигирмага яқин инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ЕТТБ делегацияси аъзолари учрашув ўтказаётган Интерконтинентал меҳмонхонасини пикет қилди. Банк директорлари пикетчиларнинг талабларини ҳам ўрганди.
XS
SM
MD
LG