Линклар

logo-print

Ўзбекистон MyDoom дан қўрқмайди


Саида Интернет тармоғида пайдо бўлган MyDoom вируси кўплаб мамлакатларда компьютер тизимларини ишдан чиқармоқда. Маълумотларга кўра, у бир кун ичида дунёда миллионга яқин компьютерни зарарлантирган.

Буюк британиялик экспертлар MyDoom вирусидан дунё миқёсида шу кунгача 39 миллиард доллар зарар кўрилганини таъкидламоқда.

Табиийки, бу вирус Ўзбекистондаги компьютер тизимларига ҳам хавф солиши мумкин. Хабарларга қараганда, айни пайтда провайдерлар ўз абонентларини MyDoom дан ҳимоялаш мақсадида антивирус дастурлар билан таъминлаётир.

Мутахассисларнинг айтишича, вирусдан ҳимояланиш, энг аввало, абонентларнинг эҳтиёткорлигига боғлиқ. Яъни улар ўз электрон почталарини назорат қилиб бориши, шубҳали хатларни очмасдан дарҳол йўқотиши лозим.

“Саркор телеком” провайдери вакили Андрей Усеиновнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг компьютер вирусларидан катта миқдорда зарар кўриши эҳтимолдан йироқ. Чунки мамлакатда Интернетдан, асосан, маълумот олиш ва етказиш, почта ҳамда маълумотлар базасидан фойдаланиш операцияларигина амалга оширилади.

“Ҳатто банклар ва йирик молиявий ташкилотлар ҳам ўз молиявий операцияларини Интернет орқали амалга оширмайди ёки унинг кўлами жуда тор. Билишимча, аксарият банкларнинг ички тизими ҳам Интернетга уланмаган. Чунки тегишли ҳимоясиз бу жуда хавфлидир. Халқаро банкларда эса Интернет орқали турли мураккаб операциялар амалга оширилади. Уларда шунга яраша ҳимоя дастурлари ҳам бор”, деди А.Усеинов.

“Ўзуйжойжамғармабанк” ходимларидан бирининг айтишича, банкнинг компьютер тизими антивирус дастурлари билан таъминланган. Агар тизимда вирус борлиги аниқланса, мутахассислар зудлик билан уни бартараф этиш чораларини кўради.

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, шу кунгача Ўзбекистонда MyDoom вирусидан зарарланиш ҳолатлари кузатилмаган.
XS
SM
MD
LG