Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:54

Аъло Хўжаев: “Ўзбекистонда ахборот олиш муаммо”


3 февраль куни Тошкентда “Инсон ҳуқуқларини таъминлашда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг роли ва ОАВ билан ҳамкорлик” мавзуида ўтказилган икки кунлик халқаро анжуман ниҳоясига етди.

Ўзбекистон Олий суди, Америка юристлар уюшмаси, Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан ташкил этилган тадбирда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари Олий судлари вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Анжуманда иштирок этганлар ўз давлатларида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва уларнинг ОАВда ёритилиши бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.

Қозоғистонда нашр этиладиган “Юридик газета” мухбири Торгин Нурсеитованинг айтишича, мамлакатда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида фуқароларнинг бу органларга бўлган ишончи ортиб боряпти. Бу жараёнда баъзи вақтларда журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги билиниб қолмоқда.

“Бизда нафақат суд, балки ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳам барча ахборотларни эркин олиш мумкин. Ҳар қандай судья ёки прокурордан телефон ёхуд матбуот хизмати орқали исталган саволга жавоб олса бўлади”, деди у.

Туркманистонлик журналист Светлана Мамедова эса ўз мамлакатида ҳуқуқшунос журналистгина эмас, оддий журналистнинг ҳам иши машаққатли эканини билдирди. Унинг айтишича, Туркманистондаги вазият қўшни давлатлардагидан тубдан фарқ қилади. Бу ерда демократия ва матбуот эркинлиги ҳақида гапириш қийин. Чунки матбуот эркинлиги қонунда белгиланган бўлса-да, фақат қоғоздагина бор. Матбуотда бирорта ҳам танқидий материал берилмайди. Суд залидан репортажлар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади.

С.Мамедованинг таъкидлашича, Туркманистонда суд ислоҳотлари ҳали ҳам бошланган эмас. Судлар фақат юқорининг буйруғи асосида ҳукм чиқаради.

“Ҳар ойда икки-уч фуқаро суд бошланмасданоқ вақтинчалик сақлаш изоляторида ҳалок бўлмоқда. Лекин уларнинг яқинлари бу ҳақда шикоят қилмайди. Чунки кишилар қонун кучига ишонмай қўйган”, деди у.

Ўзбекистонлик журналист Турсунали Акбаров эса мамлакатда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўтказилаётгани, жумладан, судьяларнинг ихтисослашгани ва уларнинг малака ҳайъати ташкил этилганини таъкидлади. Лекин, деди у, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш учун, аввало, судьяларнинг ижтимоий аҳволи ҳақида ўйлаб кўрилса яхши бўларди.

Т.Акбаровнинг фикрича, матбуотда чиқадиган танқидий мақолаларга муносабат ўзгармас экан, соҳани ўзгартиришга қаратилган бошқа ҳаракатлар бесамар қолаверади.

“Ўтган йили баҳорда “Ҳуррият” газетасида “Судда жавобгар Адлия вазирлиги” сарлавҳали бир мақола эълон қилинди. Мақолада тилга олинган жараён эҳтимол Ўзбекистон судлари тарихида ягона ҳолат бўлса керак. Адлия вазирлигидан ишдан бўшаган ҳуқуқшунос вазирликни судга берган. Бироқ унинг даъвоси рад этилган. Бунинг сабаби шуки, адлия вазири Абдусамад Полвонзода узоқ йиллар давомида Олий суд раисининг 1-ўринбосари бўлиб ишлаган. Айни пайтда Олий судда ишлаётган судьяларнинг кўплари қайсидир маънода унинг шогирдларидир”, деди Т.Акбаров.

Тошкентда фаолият кўрсатадиган “Гранд” радиоси раҳбарларидан бири Аъло Хўжаев Ўзбекистонда журналистларнинг ахборот олиши жуда катта муаммо эканини таъкидлади. Унинг айтишича, бирор ташкилотга маълумот олиш учун мурожаат қилинса, бу сизларнинг ишингиз эмас ёки юқоридан рухсат олишим керак, қабилида жавоб берилади.

Журналист-ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров Ўзбекистон матбуотида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича бир қанча материаллар берилаётгани, лекин уларда фақат умумий гаплар билан чекланилаётганидан афсус билдирди. Мақолаларда тизимда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар айтилмайди, деди у.
XS
SM
MD
LG