Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:23

Алвидо, “Тико”!


Шайбон Маълумотларга кўра, жорий йилнинг март ойидан бошлаб Ўзбекистонда “Тико” автомобилини ишлаб чиқариш тўхтатилади.

Бу маълумотни “ЎзДЭУавто” қўшма корхонаси раҳбарияти ҳам тасдиқлади. Корхона вакилларидан бирининг айтишича, “Тико” автомобилларининг бутловчи қисмлари Жанубий Кореядан келтиради. Бу ерда мазкур автомобилларни ишлаб чиқариш бир неча йил аввал тўхтатилган. Унга бутловчи қисмлар тайёрлаш технологияси ҳам эскирган. Уни янгилаш эса катта харажатларни талаб қилади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда “Матиз” ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани сабабли унинг савдосини кўпайтириш мақсадида “Тико” йиғишни тўхтатишга қарор қилинган.

“Ўзавтосаноат” уюшмаси ходими Олимжон Каримовнинг айтишича, “Тико” машиналари экспорт қилинмаган. Улар фақат ички бозорда сотилган. Шунингдек, машина “Евро-2” стандартларига, хавфсизлик меъёрларига жавоб бермайди.

Унинг таъкидлашича, “Тико” маҳаллий бозорда катта шуҳрат қозонган. Аммо машина фақат ички бозор учун ишлаб чиқарилмайди. “ЎзДЭУавто”нинг Жанубий Кореядаги раҳбарияти машина ташқи бозорда сотилмас экан, уни ишлаб чиқариш фойдасиз, деган қарорга келган. Қолаверса, Ўзбекистонда ҳам ҳамма “Тико” сотиб олиш имкониятига эга эмас.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, “Тико” ички бозорда тахминан 5-6 минг доллар туради. Аҳолининг аксарият қисми иқтисодий ночор аҳволдалиги ҳисобга олинса, уни сотиб олувчилар кўп эмаслиги маълум бўлади. Қолаверса, маҳаллий бозорда хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларга эҳтиёж ҳали ҳам катта. Шу боис, импорт қилинадиган машиналар учун катта миқдорда божхона тўловлари жорий этилган.

Божхона қўмитаси матбуот хизмати ходимининг айтишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасида автомобиллар экспорт-импорти бўйича келишув мавжуд. Яъни агар ўзбек машиналари Россияга экспорт қилинса, улардан кам бож олинади ёки аксинча.

Икки давлат ўртасидаги мазкур келишув хусусида маҳаллий кузатувчилар турли тахминлар билдирмоқда. Уларнинг фикрича, бу келишув “ЎзДЭУавто”да ишлаб чиқарилаётган “Матиз” автомобилининг ташқи бозордаги савдосини таъминлаш мақсадида имзоланган. Ўз машиналарининг Ўзбекистонга экспорт қилинишидан манфаатдор бўлган расмий Москва Ўзбекистондан импорт қилинадиган автомбиллар учун имтиёз берган.

Маълумотларга кўра, “Матиз” ички бозорда унчалик харидоргир эмас. Чунки у “Тико”дан анча қиммат. Шу боис Ўзбекистон “Матиз”нинг экспорт қилинишидан манфаатдор. Бундан ташқари, молиявий жиҳатдан россиялик ва қозоғистонлик автомобиль ишқибозларининг, ўзбекистонликлардан фарқли ўлароқ, “Матиз” сотиб олиш имконияти кўпроқ. Шунинг учун асосий эътибор ташқи бозорга қаратилмоқда.
XS
SM
MD
LG