Линклар

logo-print

Зўравон раҳбардан дод!

  • Барно Анвар

Ўзбекистонда турли даражадаги раҳбарларнинг ўз ходимларига қўпол муносабатда бўлиши, уларни ҳақоратлаши ва ҳатто калтаклаши ҳоллари мавжудлиги кўплаб мустақил манбалар томонидан эътироф этилмоқда.

Раҳбарларнинг зўравонлиги Сурхондарё вилоятида нисбатан кўп учраши ва чуқур томир отгани таъкидланмоқда.

“Раисимиз муомалани билмайди, дейди хўжаликлардан бирида ишловчи аёл. Олдимизга келганидан қўполлашиб кетади. Деҳқонларни ерини тортиб олиш билан қўрқитади. Ҳеч кимга кун бермайди. Телевизордан чиқиб, хўжалик аъзоларига 200 килограммдан буғдой тарқатдик, дебди. 50 кило ҳам буғдой бергани йўқ”.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлганлар раҳбарлар айрим ҳолларда қўл остидагиларни калтаклаши ҳақида ҳам айтиб ўтди. Бундай муносабат кўпроқ фермерларга нисбатан юз беради. Термиз туманидаги фермер хўжалиги бошлиқларидан бирининг калтаклангани бунга мисолдир.

“Эрталаб соат бешда раис чақириб кетиб, иккинчи марта менга сув дема, дея бўғибди. Нафаси қайтгандан кейин онангни, деб сўкибди. Бўйнида қўл изи ҳали ҳам бор”, дейди фермернинг оила аъзолари.

Уларнинг айтишича, фермер шифохонадан тиббий тешкирувдан ўтиб, ўзига тан жароҳати етгани ҳақида ҳужжатлар расмийлатирган. Бироқ у тиббий хулоса ва гувоҳларга эга бўлишига қарамай, ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилинишига ишонмаётир.

Бу ҳақда ҳатто маҳаллий матбуотда” газеталарида бир неча материаллар берилди. Хусусан, “Моҳият” газетасида берилган “Раиснинг эркаси ким?”, “Аҳволининг қалай, фермер”, “Правда востока”да чиққан “Ширкатни қандай хусусийлаштириш мумкин?” каби мақолаларда маҳаллий раҳбарларнинг ўзи хон, кўланкаси майдон экани таъкидланган. Бу мақолаларда матбуотдаги чиқишлар ҳам, аҳолининг мурожаатлари ҳам бу ҳолатга чек қўювчи таъсир ўтказмаётгани айтилади.

Шу мавзуда талай мақолалар ёзган журналист Қодиржон Расуловнинг айтишича, раис етти фарзанднинг отаси бўлган тракторчини уриб, бошини ёрган. Лекин тиббий экспертиза унинг даъволарини инобатга олмаган. Чунки экспертиза ходимларига тракторчидан кўра раисдан кўпроқ фойда бор.

Психолог Шокир Абдураҳмонов Ўзбекистонда маҳаллий раҳбарлар ўртасида анъанага айланиб бораётган бу тарздаги муомала усули ҳақида тўхталиб, бунинг бош сабаби маданиятсизлик, онгсизлик, қонунни билмаслик ва билса ҳам ҳуқуқни оёқ ости қилишга мойиллик эканини таъкидлади. Бу ҳолни фақат Сурхондарёда эмас, мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам кўплаб кузатиш мумкин, деди психолог.
XS
SM
MD
LG