Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:42

Доллар қадри тушмоқда, бозорда нархлар ўша-ўша


Вера ва унинг ҳамкори Қозоғистон пойтахти Астанадаги бозорларнинг бирида четдан келтирилган туфлиларни сотиш билан кун кечиради. Доллар қадри тушиши улар бизнесига катта зарба бўлмоқда.

"Ўтган ой нима бўлди: одамлар долларларини сота бошладилар. Бизда, масалан, доллар курси 130 тангагача тушган ҳолат ҳам кузатилди. "Ёпамиз, фойда йўқ" – дейишади улар.

Ўтган йил Қозоғистон Миллий Банки доллар ва танга орасидаги нисбатни барқарор ушлаб туриш учун кўп ҳаракат қилди. Шунга қарамай, жорий йилда долларнинг қозоқ тангасига нисбатан курси сўнгги тўрт йил ичидаги энг қуйи кўрсаткичга етди.

Бундай вазият Наталия исмли бошқа қозоғистонлик савдогарни ҳам анча мураккаб аҳволга тушириб қўйган. У хорижда сотиб олаётган моллар нархи осмонга ўралаган.

"Бир тийин ҳам фойда қолмаяпти. Четдан мол олиб келишнинг умуман фойдаси бўлмаяпти", - дейди Наталия.

Сўнгги бир неча хафта давомида АҚШ доллари Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари пулларига нисбатан ҳам қадрсизланди. Тожикистон Савдо ва Иқтисод вазири Аскар Нуралиев бундай вазият глобал миқёсда кузатилаётганини айтади.

"Европа мамлакатларида доллар нархи тушмоқда. Шундай экан, бизда ҳам унинг асорати кузатилмоқда", - таъкидлайди Аскар Нуралиев.

Европа Иттифоқининг ягона пул бирлиги ҳисобланган евро ва доллар орасидаги фарқ ўтган йил охирида энг рекорд кўрсаткичга етди. Доллар еврога нисбатан 30 фоизга қадрсизланди. АҚШ пулининг шунингдек Британия фунт стерлинги, япон йени ва бошқа давлат пулларига нисбатан ҳам қурби сезиларли тушди.

Қирғизистонда инглиз тилида чиқадиган "The Times of Central Asia" газетаси ношири Георгио Фиаккони четдан импорт қилинаётган моллар жуда қиммат нархда келаётгани кичик савдогарлар бизнесига салбий таъсир кўрсатаётганини айтади. Аммо, Фиаккони, пул бирлиги АҚШ долларига бевосита таянадиган давлатлар - Хитой ва Шарқий Осиёнинг бошқа давлатларидан келтирилаётган моллар ҳали ҳам рақобатбардош эканини айтади.

"Импорт қилинган моллар, албатта, мижозларга қимматга тушаяпти. Бу асосан Туркия, Дубай ва Европадан мол сотиб олаётганларга тааллуқлидир. Бироқ Хитой моллари ҳали ҳам рақобатбардошлигини йўқотмаган. Шундай экан, Европа давлатларидан импорт ҳажми камаяди, бироқ иқтисодлари долларга боғлиқ бўлган Узоқ Шарқ давлатларидан олиб келинаётган моллар савдоси кенгаяди", - дейди Фиаккони.

Марказий Осиё давлатларида кўпчилик инфляциядан қўрқиб, ўз маблағларини АҚШ долларида сақлашни одат қилган. Шундай экан, доллар қадрининг тушиши бундайлар учун зиён келтириши табиий. Чунки, долар қадрсизланишига қарамай, бозорда нархлар ўша-ўша. Тошкентлик харидор доллар курсининг тушгани ва айни патда нархлар ўзгармай қолаётганидан нолийди.

Бундай ҳолат минтақа аҳолисини ўз орттирганларини бошқача йўллар билан сақлашга ундаётган кўринади. Қозоғистон Марказий Банки ходимаси Жанат Байманованинг айтишича, 500минг аҳолисига эга Астана шаҳрида ўтган йилнинг сўнгги уч ойида аҳоли 45 миллион АҚШ долларини сотган. Байманова Қозоғистон фуқароларига пул сақлашнинг шундай йўлини тавсия қилади: "Йиққан маблағларингизнинг 50 фоизини миллий пулда, қолганини бошқа давлат пуллари – доллар, евро, Россия рублида сақлашни маслаҳат қиламан", - дейди Байманова.

"The Times of Central Asia" ношири Георгио Фиаккони фикрича, аҳолининг ўз маблағларини бошқа пулларга ўзгартираётгани долларга нисбатан ишонч сўнганини англатмайди:

"Бу ерда ҳамма нарса долларда ҳисоб-китоб қилинади. Одамлар орасида ойлик-маошлар, ким ниманидир сотгани, ким ниманидир олгани ҳақида сўз бордими, албатта, доллар тилга олинади. Еврога ўтиш холларини ҳам кузатиш мумкину, аммо ҳозирча бу жуда оз. Асосий олди-берди долларда амалга оширилади. Кўп ҳолларда маҳаллий пулда ҳам буни кузатиш мумкин. Масалан, Қирғизистонда олдинлари долларда олди-берди қилиб келган кўплаб ширкатлар, ҳозир маҳаллий пулга ўтиб олишган", - дейди Георгио Фиаккони.
XS
SM
MD
LG