Линклар

logo-print

Ўшда ОАВ марказидаги ўғрилик


Абдуллоҳ Эргаш 4 феврал куни Ўшдаги Оммавий Ахборот Воситалари Марказига номаълум шахслар ўғирликка кирганлар. Талончилар Марказий Осиёда ягона бўлган ва Фарғона водийси журналистларини ўз атрофига бирлаштириб турган бу марказдан 5 минг долларлик техник воситаларни олиб чиқиб кетганлар.

Бугунги кунда фалончи жойда ўғирлик бўлибди, деган сўз билан хеч кимни лол қолдириб бўлмайди. Тингловчига Ўшдаги Оммавий Ахборот Воситалари Марказида содир бўлган ўғирлик ҳам, бир қарашда, унчалик муҳим эмасдек кўриниши мумкин. Бироқ, ушбу марказ минтақадаги ягона ташкилот бўлиб, унга 10 йил аввал ЮНЕСКО, АҚШ ва Швецария Тараққиёт Агентликлари асос солганликларини ва бу марказ айни пайтда Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон журналистларини ўз атрофида бирлаштириб турганини ҳисобга олсак, манзара ўзгаради. Марказ қўриқчиси милицияга берган кўрсатмасида “ Талончилар мени калтаклашаётганида “ҳадеб биз ҳақимизда ёзадиган журналистларга ҳали кўрсатиб қўямиз кимлигимизни”, деб қичқиришди”, деди. Журналистлар маркази директори Эрнис Мамирканов эса шундай маълумот беради:

“Бизнинг ташкилот доим сиёсатдан ташқарида, сиёсий ҳаракатларга қўшилмайди ва сиёсий баёнотлар бермайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, талончилар бизнинг ташкилотимиз фаолиятига эмас, балки бизда ишлаётган ва марказимиз хизматидан фойдаланаётган айрим журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилмоқчи бўлишган”, - деди Эрнис Мамирканов.

Ўш милициясида мавжуд маълумотларга кўра, ўғриликни содир этганлар марказ компютерларидан ўз фаолиятларига оид журналистик текширув хужжатларини қидиришган. Умумий қиймати 5 минг долларга тенг бўлган техник воситаларни ўғирлашган. Шунингдек, улар марказ ходими, журналист Алексей Сухов номига таҳдидлар билдиришган. Ўш вилоят милициясига кўра, марказга бостириб кирган одамлар Алексей Суховдан мухолифатдаги “Республика” газетасидаги танқидий чиқишлари учун ўч олмоқчи бўлган бўлишлари ҳам мумкин. Бу ҳақда журналист Алексей Суховнинг ўзи шуларни гапиради:

“Кеча терговчилар тергов ишини бошлабоқ, мендан бахс ва жанжалга сабаб бўладиган сўнгги мақолаларимни олиб келишимни илтимос қилишди. Бу мақолларнинг аксарияти Қирғизистонда диний экстремизм, “Ҳизб – ут - Таҳрир” партияси ва Ўзбекистон - Қирғизистон чегараларидаги салбий ходисаларҳақидадир. Якка шахсларга ёки ташкилотларга оид танқидий чиқишларим сўнгги бир йил ичида мутлоқо йўқ”, - деди Алексей Сухов.

Ўш Оммавий Ахборот Воситалари марказига қилинган хужум қандай мақсадларни кўздалаган эди? Бу саволга тергов ва суд жавоб беради. Биз эса, охирги уч ой ичида Қирғизистон жанубидаги журналистларга иккинчи марта хужум қилинганлигини айтиб ўтмоқчимиз. Бундан бир неча ой аввал мустақил “Қирғиз руҳи” газетасининг мухбири Эркин Назалов ўлдириб кетилган эди. Расмий маълумотга кўра, журналист коррупцияга оид журналистик текширув олиб бораётган эди. Эркин Назалов касбий фаолияти учун Қирғизистонда ўлдирилган биринчи журналист бўлди. Ўш Оммавий Ахборот Воситалари Маркази директори Эрнис Мамиркановга кўра, Қирғизистонда журналистларга жисмонан тазйиқ қилиш ҳозирча анъанага айланганича йўқ.

“Агар бу борада мунтазам ўтказадиган мониторингимиз натижаларига назар ташласак, бу каби холатлар анъанавий эмаслигини кўрамиз. Бироқ, айрим холатлар борки, уларда журналистларга нисбатан куч ишлатилган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, бу жисмоний тазйиқлар тасодифий холатлар эмас. Асосан таниқли, қалами ўткир журналистлар жисмоний жазолаш қурбонлари бўлишмоқда”, - деди Эрнис Мамирканов.
XS
SM
MD
LG