Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Илҳом Алиевнинг Москва ташрифи у отаси сиёсатини давом эттираётганини намойиш қилмоқда


Фарангис Саид Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Москва ташрифи давомида икки давлат раҳбарларининг олтита шартнома, жумладан “Москва баёноти” деб номланаётган ва мамлакатлараро муносабатларни чуқурлаштиришни кўзда тутган ҳужжатни имзолашлари кутилмоқда.

Бугунги кунда Россия ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар жуда яхши. Айни вақтда Озарбайжон раҳбари ташқи сиёсатни фақат Москвага қаратмаяпти. Кузатувчиларга кўра, у отаси Ҳайдар Алиев сиёсатини давом эттириб, турли тарафлар – АҚШ, Россия, Туркия ва Эрон орасидаги мувозанатни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Бокуда жойлашган Стратегик Ҳамкорлик Евроосиё Жамғармаси раҳбари Решат Резоқулиев Илҳом Алиев ташқи сиёсати ҳақида мана бундай дейди:

- Озарбайжоннинг собиқ президенти олиб борган ташқи сиёсатни кўп томонлама, деб таърифлаш мумкин эди. У бир тарафдан АҚШ, бошқа тарафдан эса Россия ва Эрон орасидаги мувозанатни сақлаб туришдан иборат бўлган. Бу ташқи сиёсатнинг икки асосий йўналиши эди. Шундай қилиб, Илҳом Алиевнинг Россияга ташрифи Ҳайдар Алиев ташқи сиёсатидан келиб чиқяпти, дейиш мумкин.

Озарбайжонда Ҳайдар Алиев президент бўлган, Россияни эса Владимир Путин бошқараётган даврда, икки томон Боку яқинида жойлашган ва Россия томонидан бошқарилган Қабало ҳарбий радар иншооти мақомини белгилаб олди. Бундан ташқари, Озарбайжон аста-секин Россия ширкатлари учун ўз нефт бозорини очди. Озарбайжонда бошпана топган чечен жангарилари эса Ҳайдар Алиев ҳукумати томонидан қувғин қилинди.

Бокулик мустақил сиёсатшунос Элҳон Нуриев фикрича, Илҳом Алиевнинг Москва ташрифи икки томонлама муносабатларнинг янада чуқурлашишига олиб келади:

- Умуман олганда, бу ташриф Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичини бошлаб беради. Россия Озарбайжон учун стратегик ҳамкор ва муҳим қўшнидир. Бизнинг орамизда иқтисодий алоқалар ҳам мавжуд. Икки мамлакат ўртасидаги дўстликни фақат кучайтириш мумкин.

Аммо Москва ва Боку ўртасидаги дўстликка соя солаётган бир муаммо - АҚШ режалари бор. Маълумки, расмий Вашингтон ҳозирда АҚШ ва НАТО қўшинларини Озарбайжонда жойлаштириш ва нефт қувурини назорат қилиш имконини ўрганмоқда. Бундан бир неча ой олдин АҚШ қуролли кучлари Европа қўмондонлигининг раис муовини генерал Чарлз Уолд Боку-Тбилиси-Жайҳон нефт қувурини ҳимоя қилиш вазифасини НАТО қўшинлари зиммасига юклаш мумкинлигини айтган эди. Мутахассислар фикрича, Илҳом Алиев билан учрашган Владимир Путин айнан шу масалани кўтариши мумкин.

- Озарбайжоннинг Европа ҳамдўстлиги билан интеграцияси ва унинг Ғарбга қаратилган ташқи сиёсати НАТО базаларининг Озарбайжонда жойлашишига олиб келиши мумкин. Бунга шубҳа йўқ. Аммо бу яқин келажакда рўй бермайди, деб ҳисоблайман.

Бокудаги Стратегик Ҳамкорлик Евроосиё Жамғармаси раҳбари Решат Резоқулиев фикрлари эди.

Илҳом Алиевнинг Москвага ташрифи давомида кўтарилиши мумкин яна бир масала – Арманистон билан Тоғли Қорабоғ устидаги можародир.

Ўтган ойда Илҳом Алиев можаронинг ҳал этилишида воситачилик қилаётган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотини ҳанузгача икки тарафни қаноатлантирувчи тинчлик битимини ишлаб чиқмагани учун танқид қилган эди.

Шундан сўнг Озарбайжон матбуотида ЕХҲТ доирасида Россия Франция ва АҚШ билан биргаликда янги тинчлик битимини ишлаб чиққани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Стратегик Ҳамкорлик Евроосиё Жамғармаси раҳбари Решат Резоқулиевнинг айтишича, ҳозирда Озарбайжонда масалага оид турли фикрлар мавжуд. Айримлар, агар расмий Боку НАТО қўшинларининг ўз ҳудудида жойлаштирилишига қаршилик билдирса, бунинг эвазига Москва Тоғли Қорабоғни Озарбайжонга қайтаришни кўзда тутадиган тинчлик битимини тақдим этади, деб ўйлашмоқда. Бокулик таҳлилчи, бу каби маълумотлар жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида тарқатилган, деб ҳисоблайди.

Сиёсатшунос Элҳон Нуриев эса 80-йилларда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги алоқаларнинг ёмонлашишида айнан Москва қўли бўлган, деб таъкидлар экан, Кремл Кавказ минтақасида ўз манфаатларини таъминлашга ҳаракат қилаётганини айтади.

Мутахассис фикрича, бугунги кунда Россия Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиб, бу билан жанубий чегараларида хавфсизликни таъминлашга интилмоқда. “Хавфсизлик эса, жумладан, Озарбайжондаги барқарорлик билан таъминланиши мумкин”, - дейди бокулик сиёсатшунос.
XS
SM
MD
LG