Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:22

Қозоғистон иқтисодий муваффақияти сири нимада?


Фарангис Саид Қозоғистонда сўнгги бир неча йил давомида инфляция даражаси ўзгармаяпти: у тахминан 6,5 фоизга тенглигича қолмоқда. 2000 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 9,6 фоиз, 2001 йилда мисли кўрилмаган 13,2 фоизга етган эди. 2002 йилда 9,5 фоизни, 2003 йилда эса, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 9,2 фоизни ташкил этди.

Собиқ совет республикалари орасида бу энг катта иқтисодий кўрсаткичлар. Қозоғистон иқтисодий муваффақиятини инкор этиб бўлмайди, дейишар экан айрим кузатувчилар, айни вақтда ялпи ички маҳсулотнинг бешдан тўрт қисмини энергетика соҳасидан олинган даромад ташкил этишини қайд этмоқдалар.

Энергия ресурслари, хусусан нефтнинг жаҳон бозоридаги нархлари тез-тез ўзгариб туради. Бу ҳолда Қоғозистон қанчалик барқарор? Республикадаги иқтисодий вазият қай даражада жаҳон бозоридаги нефт нархи билан боғлиқ?

Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Британиядаги “Икономик Интеллиженс Юнит” тадқиқотлар марказининг иқтисодиёт бўлими бошлиғи Жерар Уолш собиқ совет республикалари, хусусан Қозоғистон иқтисодиёти асослари ҳақида мана бундай дейди:

- Бу мамлакатлар иқтисодиёти учун жорий йилдаги энг муҳим омил – нефт нархи ва нефт экспортидан олинаётган даромад миқдори бўлади. Агар нефт нархи кескин пасайиб кетса (биз эса бу йилда айнан шуни башорат қилмоқдамиз), бу собиқ Совет Иттифоқи республикаларига жуда ёмон таъсир қилади.

Аммо Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Отабек Бакиров Қозоғистон иқтисодиёти фақат нефт соҳасига асосланган, деган фикрга қўшилмайди:

- Бугунги кунда Қозоғистон иқтисодиётининг жуда жадал тарзда ривожланаётганини фақат жаҳон бозоридаги энергия ресурслари, яъни нефт нархининг юқори даражада сақланиб тургани билан боғлаш нотўғри. Бундан 4-5 йил аввал шундай фикр билдирса бўларди. Лекин охирги 3-4 йил ичида Қозоғистон ҳукумати жуда оқилона сиёсат юргизди-ки, жаҳон бозоридаги нефт нархининг юқори даражада сақланиб турганидан фойдаланиб, миллий иқтисодиётда кенг миқёсда реструктуризация ишларини амалга оширди. Бугунги кунда Қозоғистон иқтисодиётининг таркибини кўрсангиз, ялпи ички маҳсулотнинг катта улушини енги саноат, озиқ-овқат саноат бераётган даромад ташкил этишига гувоҳ бўласиз.

Маълум бўлишича, Қозоғистон ҳукумати иқтисодиётнинг турли соҳаларида молиявий мувозанатни сақлаш орқали алоҳида олинган тармоқнинг жаҳон бозоридаги нархларга қарамлигини камайтириш ва унинг инқирозга учрашининг олдини олиш мақсадида “Қозоғистон Республикаси Миллий Жамғармасини” таъсис этди. Ўзбекистонлик мутахассис Отабек Бакиров фикрича, республика иқтисодиёти тез суръатларда ўсишда давом этаётгани ва энергетикадан ташқари бошқа соҳалар ҳам ривожланаётгани Қозоғистон иқтисодиёти келаси бир неча йилда инқирозга учрамайди, деган хулоса учун асос беради:

- Нефт нархи 3-4 йил давомида паст даражада сақланиб турганида ҳам, шу инреция Қозоғистон иқтисодиётининг келаси 5 йил давомида ҳудди шундай суръатлар билан ривожланишини таъминлайди.

Қозоғистоннинг халқаро иқтисодий рейтингини баҳолаган “Мудиз” ва “Стэндард энд Пурс” компаниялари башоратларига кўра, нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи 1 баррел учун 12 АҚШ долларигача пасайиб кетган тақдирда ҳам, республиканинг макроиқтисодий ўсиши 4 фоиз атрофида қолади, давлат бюджети камомади эса 3 фоиздан ошмайди.
XS
SM
MD
LG