Линклар

OSCE АКАДЕМИЯСИ ТАЛАБАЛАРНИНГ БИРИНЧИ ГУРУҲИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон Республикаси ҳукумати ташаббуси билан 2002 йили Бишкекда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Академияси очилган эди.

Куни кеча академия аспирантурасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Италия ва Буюк Британиядан келган 25 талаба ўқишни бошлади. 25 талаба орасида ўзбекистонлик ёшлар ҳам бор.

"ЕХҲТ Бишкек Академияси таъсис этилганидан буён ўтган давр ичида, - деб маълум қилди Озодлик радиосига берган интервьюсида ташкилотнинг сиёсий масалалар бўйича ходими Питер Филц, - Академия ўз концепцияси ва ўқув дастури устида Германия, Голландия, Австрия ва Швейцариядаги ҳамкорлари, Марказий Осиёдаги экспертлар билан биргаликда иш олиб борди. Куни кеча қабул қилинган гуруҳ биринчи талабалардир".

Хўш, ЕХҲТ Академиясининг бошқа ўқув юртларидан фарқи нимада?

Бу янги типдаги ўқув дарғоҳидир, дейди ҳамсуҳбатимиз. Унда таҳсил олувчилар минтақа хавфсизлигини таъминлаш, зиддиятларнинг олдини олиш ҳамда минтақавий ҳамкорлик принципларини ўрганадилар.

Ўз концепциясига кўра, ЕХҲТнинг Бишкекдаги Академияси минтақавий ўқув даргоҳидир. У уч йўналишда иш олиб боради. Биринчидан, бу ерда аспирантлар ҳамда магистрлар учун курслар ташкил қилинади. Бишкек Академиясидаги бу курсларнинг бошқа давлатлардаги ўқув юртларида ташкил этилувчи курслардан фарқи шундаки, унда фақат минтақавий масалаларга эътибор қаратилади, деб маълумот берди ЕХҲТ вакили.

Иккинчидан, Бишкек Академиясида илмий изланишлар олиб борилади. Бу изланишлар ҳам минтақа хавфсизлиги масалалари устида бўлади. Ва ниҳоят, учинчидан, Академияда минтақа мамлакатлари давлат амалдорлари учун турли семинарлар, ўқув машғулотлари ўтказилади. Бу соҳадаги ишлар бошланган ҳам, дейди Питер Филц.

Шу ўринда, ЕХҲТнинг Бишкек Академиясида мактабни эндигина битирган йигит-қизлар ўқиши мумкинми, деган саволимизни беришга ҳожат қолмади. Бу ўқув даргоҳида ўқишга фақат олий маълумотли ёшлар қўшимча ихтисосга эга бўлиш учун ўқийдилар.

Мақсадимиз ЕХҲТнинг Бишкек Академияси тўғрисида ҳикоя қилиб бериш экан, суҳбатдошимиздан бу ўқув даргоҳи фаолиятини ким назорат қилиб боради, уни молиялаш билан ким шуғулланади, деб ҳам сўрадик. Питер Филцга кўра, Академия фаолиятини Ҳомийлар кенгаши назорат қилиб боради.

- Кенгаш аъзолари сафида минтақадаги давлатлар, ҳорижий донор мамлакатлар вакиллари бор, афсуски, минтақадаги биргина мамлакат - Туркманистондан вакиллар йўқ, - дейди Питер Филц.

Академия минтақадаги турдош ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир. Чунки у минтақадаги мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Академия минтақанинг бўлғуси лидерлари бир-бирлари билан танишишлари, минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишни ўрганишлари учун бир майдондир, дейди ЕХҲТ вакили.

ЕХҲТнинг Бишкекдаги Академиясида 2 феврал куни ўқишни бошлаган 25 кишилик биринчи гуруҳ беш ой мобайнида минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалаларини муҳокама қилади. Гуруҳнинг машғулотлари шу йилнинг 30 июнида ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG