Линклар

Йўл қурилиши айрим фуқаролар учун янги муаммолар келтириб чиқарди


Зикрилло Ишонч Одатда йўл қурилишидан халқ хурсанд бўлади. Бироқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан қурилаётган Тошкент-Чимён-Чорвоқ автомобиль йўли айрим фуқароларга кулфат келтирмоқда.

Мазкур автомобиль йўлини жорий йилнинг июнь ойигача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Ҳамза ва Бектемир туманларини кесиб ўтадиган бу йўл кўплаб уй-жойларнинг бузилиши эвазига бунёд бўлаётир. Иссиқ кўчаси бўйлаб Аэродром ва Фонтан ҳудудларида жойлашган ҳовлилар ҳам шу кунларда бузиб ташланяпти. Йўл қурилиши муносабати билан уй-жойлари бузиб ташланаётган фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқлари паймол этилаётганидан шикоят қилмоқда.

“30 йил яшаган ҳовлини ташлаб кетишнинг ўзи бўлмайди. Мутасаддилар олдин уй-жой бериши керак эди. Булар эса келиб аввалига газни узиб кетди. Ҳозир на чой қўйишга, на овқат қилишга, на ювинишга шароит бор”, дейди йўл қурилишидан зарар кўрган фуқаролар.

Шу ерда яшовчи Йўлдош Эминовнинг айтишича, унинг учта иссиқхонаси бўлган. Йилига 2,5 миллион сўм даромад олган. 26 туп ток, 10 та хурмо, гилос, ёнғоқ дарахтлари бўлган. Йўл тушгач, улардан айрилган. Лекин унга товон тўланмаган.

Айрим фуқаролар бузилган бошпаналари эвазига товон сифатида берилган уйлардаги шароитлардан ҳам норози бўлмоқда.

“Берган уйларини уч ҳафтадан буён таъмирлаяпман. Ўз ҳисобимдан уста ёллаб ишлатяпман. Уйнинг лифти йўқ, хонадонларнинг ваннаси, раковиналари йўқ”, деди фуқаролардан бири.

Ҳамза тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича собиқ ўринбосари Алишер Сафаров аҳолининг бундай муаммолари борлигидан бехабарлигини билдирди. Унинг айтишича, йўл тутиши туфайли бузилган уй-жойлар эгалари янги хонадонлар билан таъминланган.
XS
SM
MD
LG