Линклар

logo-print

“Моҳият” молиявий мустақил бўлди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда нашр этиладиган “Моҳият” газетаси ўз муассиси “Туркистон пресс” ахборот агентлигидан молиявий жиҳатдан ажралиб чиқди.

Саҳифаларида танқидий мақолалар кўп чоп этилиши билан машҳур бўлган бу газета 2000 йилда ташкил этилган эди. Ўтган йили эса мақолалар муассис ташкилот раҳбарлари томонидан цензура қилина бошлагач, газета ижодий жамоаси бош муҳаррир Абдуқаюм Йўлдошев бошчилигида ёппасига ишдан кетганди. Шундан сўнг газета бир неча бор судлашди.

Янги йил бошидан ўз муассисидан молиявий жиҳатдан ажралиб чиққан “Моҳият” Адлия вазирлигида ҳам рўйхатдан ўтказилди. Газетанинг ҳозирги бош муҳаррири Ғулом Мирзаевнинг айтишича, “Моҳият”ни молиявий жиҳатдан ажратиш ташаббуси “Туркистон пресс” ахборот агентлиги раҳбариятидан чиққан.

“Газетанинг алоҳида ажралиб чиқишини, назаримда, давр тақозоси сифатида баҳолаш керак. Газета бугунги кунда молиявий жиҳатдан бақувват эмас. Буни жорий йилги обуна натижалари ҳам кўрсатиб турибди. Шунга қарамай, газета мустақил бўлиши кераклигини доимо ҳис қилиб турибман. Йил охиригача газета мунтазам чиқишига кафолат бера олмасам ҳам у эркин бўлиши керак, деган фикрдаман”, деди у.

Ғ.Мирзаевнинг таъкидлашича, газета шу вақтгача муассиснинг молиявий кўмагида чиқмоқда. Шунга қарамай, газетанинг ижодий фаолиятига муассис аралашмайди. Газета танқидий материалларни имкон қадар мунтазам бериб келмоқда. Газетанинг мустақил бўлгани унинг фаолият доирасини янада кенгайтиради.

Ғ.Мирзаев газета цензура қилинмаётгани, фақат эҳтиёт шарт сифатида ўзи цензор ролини бажариши мумкинлигини таъкидлади. Чунки, деди у, айрим текширилмаган фактлар чиқиб кетгани учун ҳам “Моҳият” ҳозиргача судлашиб юришга мажбур бўлмоқда.

“Туркистон-пресс” бош директори Саъдулла Ҳакимовнинг билдиришича, “Моҳият” газетаси агентликдан фақат юридик шахс сифатида ажралиб чиққан. Яъни у энди ўз аравасани ўзи тортади. Шунга қарамай, газета агентликнинг нашри бўлиб қолаверади.

Маҳаллий журналистлардан бири Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, газета ҳозирги шароитда яшаб қолиши қийин. Аввалроқ агентликнинг “Время и мы” нашри иқтисодий етишмовчилик натижасида ёпилган эди. “Моҳият” учун ҳам бу хавф таҳдид солиши мумкин. Лекин, шунга қарамай, жамоа қаттиқ ишласа, кўпроқ даромад келтириш йўлларини топса, газета ёпилмайди.

Кузатувчилар ҳам “Моҳият”нинг ижодий жамоаси анча профессионал журналистлардан иборатлигини эътироф этиб, улар газетанинг ёпилишига йўл қўймаслигига умид билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG