Линклар

Ахборот алмашиш қачон бошланади?


Шайбон Яқинда Олмаота шаҳрида Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон медиа-индустриялари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Хабарларга қараганда, ушбу учрашувда ўзаро ахборот алмашиш масалалари муҳокама қилинган. Муҳокама давомида бирлашган ахборот базасини яратиш бўйича эришилган келишув давлат раҳбарлари томонидан маъқулланса, келишувни имзолаган мамлакатлар телекўрсатувлари ўзаро ретрансляция қилина бошлайди.

Эслатиб ўтиш жоиз, мазкур давлатлар раҳбарларининг бундан икки йил муқаддам Олмаотада ўтказилган учрашуви чоғида Ўзбекистон Президенти ягона ахборот ҳудуди яратиш ташаббусини илгари сурган эди. Ҳатто Ислом Каримов бу таклифнинг амалий ижроси сифатида Ўзбекистон телевидениесида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон телекўрсатувлари учун икки соатдан вақт ажратилишини кафолатлашга ваъда қилганди.

Маълум бўлишича, худди шу масалада медиа-индустриялар вакилларининг Олмаотадаги учрашувида Қозоғистон томони жонбозлик кўрсатган. “Кабар” ахборот агентлиги қўшни давлатлар телекўрсатувларини ретрансляция қилишга тайёрлигини билдирган. Ўз навбатида, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари ҳам шундай йўл тутишга тайёрлигини маълум қилган. Аммо бунинг учун келишув тегишли давлатлар раҳбарлари томонидан маъқулланиши зарур.

Хўш, бу ғояни амалга ошириш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай турдаги ахборотлар алмашилади?

Қирғизистон миллий телерадиокорпорацияси вице президенти Қубатбек Толиповнинг айтишича, қирғиз медиа-индустрияси вакиллари сиёсий кўрсатувлар ёрдамида ўзбек томошабинининг онггига таъсир қилишга интилмайди, демакки, асосий эътибор маданият хабарларига қаратилади. Ўзбекистон томони ҳам шундай йўл тутишидан умид қилади.

Қозоғистоннинг “Кабар” ахборот агентлиги вакилининг таъкидлашича, агентлик ҳар бир давлат учун алоҳида ахборот дастури тайёрламайди, аксинча, ўз эфири учун тайёрланган дастурни барча учун таклиф этади.

“Бу ҳолат бизда бироз ташвиш уйғотади. Чунки Қозоғистонда тайёрланувчи ахборот блоклари қўшниларникига нисбатан анча ошкора. Шу боис биз қўшниларимиз бу ахборотларни қабул қила олмаслигидан хавотирдамиз. Масалан, Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларидаги бугунги вазият хусусида лавҳа тайёрланса, гарчи у икки томоннинг позициясини акс эттирса ҳам, ўзбек расмийларига унчалик маъқул келмайди. Демак, келишув бўйича муҳокама қилинадиган муаммолар бор”, деди у.

Қозоғистоннинг “Одил сўз” мустақил ташкилоти раҳбари Тамара Калееванинг фикрича, “Кабар” вакили кўтарган муаммо ҳеч қийинчиликсиз ҳал эталади. Яъни қўшни давлатлар раҳбарлари ўзаро келишган ҳолда ўйин-кулгидан иборат телекўрсатувлар алмашишни йўлга қўйса, масалада ечилади.

Ўзбекистондаги “Озод овоз” мустақил ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаев эса масала бошқача ҳал этилиши мумкинлигини тахмин қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон қўшниларга мамлакатимиздаги ютуқлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Улардан эса ўз давлатларидаги муаммолар кўтарилган ахборотларни қабул қилади. Бу билан халқимизга Ўзбекистоннинг минтақадаги устунлиги ва фаровон яшаётганимиз ҳақидаги ғояларни сингдиришга ҳаракат қилади.

Олмаота учрашувида қатнашган Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Низомидин Маҳмудов бу масалада муносабат билдиришни хоҳламади.

Тожикистон вакиллари эса ўз телевидениелари Ўзбекистонникидан деярли фарқ қилмаслигини айтиб ўтди.

“Шунга қарамай, уларнинг айтишича, маҳаллий телевидениеда ҳукумат позициясига қарши чиқишлар ҳам учрайди. Демак, Ўзбекистон тожик хабарларини ҳам қабул қила олмаслиги мумкин”.
XS
SM
MD
LG