Линклар

logo-print

Қандай яшаяпсиз, халқободликлар?


Наманган вилояти Поп туманидаги Халқобод шаҳарчаси аҳолисининг ҳам турмуш кечириши яхшиланиш ўрнига тобора ёмонлашмоқда.

Халқобод аҳлининг айтишича, мамлакатда давом этаётган иқтисодий ва маънавий инқироз шаҳар аҳолисининг турмуш шароитига катта салбий таъсир ўтказмоқда.

“Газ ва сув нархи ошиб кетган. Одамларда пул йўқ. Улар шиша идишлар йиғиб бўлса ҳам нонга пул топиш ҳаракатида бўлмоқда. Ўз томорқасида етиштирган 10 килограмм картошкасини нонга пул топиш учун бозорга олиб чиқиб сотмоқчи бўлса, шунгаям солиқчи йўл бермайди”, дейди суҳбатдошлардан бири.

Пенсионер Ирина Логунова шаҳарчада жойлашган “Ўзбеккровлер” корхонасида 29 йилдан ошиқ меҳнат қилган. Унинг айтишича, нафақа ва ойлик маошлар вақтида берилмаётир. Газ йўқ. Сув таъминоти талабга жавоб бермайди. Шаҳарча фоҳишалар маконига айланган.

И.Логунованинг билдиришича, унинг эри Александр Логунов саратон касалига чалинган. Уни даволашга, дори-дармон олишга пул йўқ. Ёрдам сўраб, маҳаллий раҳбарларга, ҳатто Президентга мурожаат қилган. Лекин ҳеч ким кўмак бермаган.

“Агар Каримовга керак бўлмай қолган бўлсак, Путиндан бизни олиб чиқиб кетишни сўраш қолди. Унда бизга Путин ёрдам берсин”, деди И.Логунова.

Ўзини Роҳатали деб таништирган фуқаронинг айтишича, Халқободдаги аҳвол мамлакатнинг барча жойида мавжуд. Лекин буни мамлакат раҳбарлари тан олгиси келмаётир. Улар халқни алдаш билан овора.

“Оилага ёлғон аралашса, рўзғордан барака кетади, деди Роҳатали. Давлат тизимида ҳам шундай. Масалан, Президентимизнинг гапирган гапи ёки берган ваъдалари амалга ошганми? Йўқ, мен буни эслай олмайман”.

Шаҳарчада яшовчи Олимхон Саримсоқовнинг таъкидлашича, мавжуд муаммоларни вилоят ёки туман даражасида ҳал этиб бўлмайди. Муаммоларни ечиш учун, биринчи навбатда, мамлакат раҳбарларида хоҳиш бўлмоғи зарур.
XS
SM
MD
LG