Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 19:59

ТИЛ ПУЛГА БОҒЛИҚМИ?


Қирғизистон Республикаси парламенти – Жоғорқу Кенеш давлат тили тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётгани, лойиҳа нафақат парламент аъзолари, балки мамлакат жамоатчилигини ҳам бефарқ қолдирмагани тўғрисида аввалги эшиттиришларимизда ҳикоя қилган эдик. Баҳс-мунозаралар объектига айланган қонун лойиҳасини унинг муаллифи - мамлакат президенти депутатлар муҳокамасидан қайтариб оладиган кўринади. Хўш, Президент Ақаев давлат тили тўғрисидаги янги қонунни нима учун таклиф қилдию энди нима учун қайтариб олмоқчи?

Бишкекдан олинган маълумотларга қараганда, давлат тили тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида белгилаб қўйилган меъёрлар республика аҳолисининг рус тилида сўзлашувчи қатлами норозилигига сабаб бўлган. Норозилар фикрича, у ёки бу тилда, ҳатто у давлат тили бўлса ҳам, одамларни мажбуран гапиртириб бўлмайди.

Қирғизистон халқининг ўтган ҳафта охирида бўлиб ўтган 4-инчи қурултойида қилган чиқиши чоғида Президент Ақаев бундай фикрга қўшилишини билдирди. Республикада яшовчи турли миллат ва элатлар вакилларининг интеграциялашуви жараёнида қирғиз тили муҳим рол ўйнаши керак, бироқ бунинг учун, аввало, керакли шарт-шароит яратилиши лозим, деди Президент.

- Асосий эътибор, албатта, қирғизистонликларнинг 70 фоизга яқини тили - қирғиз тилига берилиши керак. Қирғиз тили расмий тил - рус тили каби миллатлараро сўзлашув тили бўлиши лозим. Бироқ, биз бу мақсадга ҳозиргидай маъмурий буйруқбозлик йўли билан эмас, балки тилни ихтиёрий равишда ўрганишлари учун фуқароларга етарли шароит яратиб бериш йўли билан етишимиз даркор, - деди Президент Ақаев.

Бундай фикрлар давлат тили тўғрисидаги янги қонун лойиҳасининг парламентдаги муҳокамаси пайтида ҳам билдирилган, масалан, асосий тили рус тили бўлган депутат Қабай Қарабеков шундай деган эди:

- Давлат тилини ривожлантириш учун бошқа бир алоҳида қонун зарур. Бундан ташқари давлат бюжжети тўғрисидаги қонунга давлат тилини ривожлантириш учун деган махсус модда киритилиши керак.

Унинг фикрича, шундай қилинсагина қирғиз тилини ўргатувчиларда иш топа олишларига ишонч, тил ўрганувчи давлат амалдорларида эса рағбат пайдо бўлади.

Давлат тилини ўрганиш учун, депутат Қарабеков айтганидай, шароит яратиш лозимлигини, бу мақсад учун маблағ ажратиш зарурлигини ҳукумат ҳам тушунаётганга ўхшайди. Ҳар қалай Қирғизистоннинг Иқтисодиёт бўйича Вице-Бош вазири Жўмард Ўтўрбаев Озодликка берган интервюсида шундай деган:

- Менимча, давлат бюжжетидан кўпроқ маблағ ажратиб, махсус давлат дастури ишлаб чиқиш, дастурнинг ҳар бир бандини пул билан таъминлашимиз керак. Маъмурий буйруқбозлик йўли билан биз давлат тилини ривожлантира олмаймиз.
XS
SM
MD
LG