Линклар

“Тошкентсут” янги хўжайинни кутмоқда


Тўлқин Ўзбекистон матбуоти хабарларига қараганда, “Тошкентсут” очиқ акциядорлик жамияти қимматбаҳо қоғозлари пакетининг асосий қисмини Россиянинг “Вимм-Билль-Данн” компанияси сотиб олишга ҳозирлик кўрмоқда.

Маълум бўлишича, “Вимм-Билль-Данн”нинг Ўзбекистондаги молиявий маслаҳатчиси Тошкентдаги “Carthill Capital” компанияси ҳисобланади. Компаниядан олинган маълумотларга кўра, ўтган йили Москвада “Вимм-Билль-Данн” ва “Carthill Capital” ўртасида “Тошкентсут” акцияларининг асосий пакетини сотиб олиш ҳақида шартнома имзоланган.

Маҳаллий матбуотда ёзилишича, акциялар олди-сотдиси тез кунларда, эҳтимол яқин бир ой ичида амалга оширилиши мумкин. Агар “Вимм-Билль-Данн” “Тошкентсут”нинг 60 фоиз акциясини сотиб олса, у корхонанинг асосий соҳибига айланади. Шундан сўнг у корхонани замонавийлаштириш учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиши режалаштирилаётгани айтилмоқда.

“Тошкентсут” корхонаси 1975 йилда ишга туширилган бўлиб, у бир кунда 300 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга. Корхона бош муҳандиси Баҳодир Илёсовнинг маълум қилишича, ҳозирги кунга келиб “Тошкентсут” ўз қуввати даражасида ишламаётир. Чунки мавжуд ускуналар жуда эскириб қолган.

Корхонада ишлаб чиқариш қувватининг пасайишига Ўзбекистонда чорвачилик маҳсулотлари тайёрлаш ҳажмининг камайиши билан боғлиқ эмасми? Б.Илёсов бу ҳам мавжуд муаммолар сабабларидан бири эканини эътироф этди. Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, корхонанинг айланма маблағи камайиб кетган.

Чорвачилик соҳаси мутахассисларининг фикрича, сўнгги 10-15 йил мобайнида Ўзбекистонда чорвачилик, хусусан, наслчилик инқирозга юз тутган. Бу эса, ўз навбатида, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарининг оғир аҳволга тушишига олиб келган.

Аммо Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Соҳибжон Акромов сўнгги уч йилда Ўзбекистонда сут ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ошганини маълум қилди. Унинг айтишича, “Тошкентсут”нинг инқирозга юз тутишига асосий сабаб корхонанинг рақобатга дош бера олмаганидир. Швейцариянинг “Нестле” компанияси Ўзбекистонга кириб келиб, ички бозорнинг асосий қисмини эгаллаган. У вилоятларда кўплаб шахобчалар очган ва аҳолидан арзон нархда сут сотиб олишни йўлга қўйган.

“Тошкентсут” бош муҳандиси Б.Илёсовнинг сўзларига қараганда, “Вимм-Билль-Данн” Ўзбекистонда фаолият бошласа, маҳаллий хомашёдан фойдаланиши, шунингдек, Россиядан қуруқ сут шаклидаги хомашё келтириши мумкин.
XS
SM
MD
LG