Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:23

Ироқликлар четга чиқишни исташади, аммо...


Саддам Хусайн режими даврида ироқликларнинг четга чиқишлари жиддий чекланган эди. Гарчи, мазкур чекловлар ҳозирда бекор қилинган бўлса-да, Ироқ фуқаролари чет давлатларига сафар қилишда кўплаб тўсиқлар ва муаммоларга дуч келмоқдалар.

Мустафо Бағдоднинг бойлар яшайдиган Мансур мавзесидаги гилам дўконларининг бирида ишлайли. Кўплаб ироқликлардан фарқли ўлароқ, Мустафонинг хорижга сафар қилишга қурби етади. У чет элга чиқиш уринишларини шундай тасвирлайди: "Мен Иордания, ёки бошқа бир давлатга, фақат икки-уч хафтага бориб келиш ниятим бор эди. Шунчаки дам олиш мақсадида. Англияда қариндошларим яшайди. Улар Британиянинг Иорданиядаги элчихонасига менинг номимга таклифнома жўнатишибди. Иорданияга боришим сабабини ўрганаётган шахсга мен шуни тушунтирдим. Иорданияда бир хафта бўлишимни, сўнгра Лондонга икки-уч хафтага бориб, кейин қайтиб келишимни айтдим. Аммо, у менга Иорданияга боришимга рухсат йўқлигини айтди".

Саддам Хусайн даврида ироқликларга четга чиқишга рухсат олиш учун катта миқдорда пул тўлашга ва паспорт олиш учун хавфсизлик ҳизматининг мураккаб текширувларидан ўтишга тўғри келарди. Гарчи, ҳозир бундай тажриба бекор қилинган бўлса-да, ироқликлар четга чиқишда янгича тўсиқларга дуч келмоқдалар. Яъни, хорижга сафар қилишни хоҳловчи ироқлик нафақат керакли маблағга, балки паспорт ёки шахсиятини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши керак. Саддам Хусайн давридаги паспортлар ҳозир ҳам яроқли, аммо кўпчилик пул тўлашни хоҳламай уларни олмаган. АҚШ етакчилигидаги Ироқнинг Муваққат маъмурияти эса фуқароларга паспорт ўрнига четга чиқишга вақтинчалик ҳужжат беришни йўлга қўйган. Бироқ уларни олишга навбат кутаётганлар Ироқда анча. Ҳужжат олинган тақдирда ҳам кўпчилик Иордания чегарасида муаммога дуч келмоқда. Бағдодлик гилам сотувчиси Мустафо ҳам шундай тўсиққа дуч келганини айтади: "Ҳозирча паспорт олганим йўқ. Паспорт ўрнига хорижга чиқиш учун вақтинчалик ҳужжат беришди. Мен ҳам шундай ҳужжат билан Иорданияга бормоқчи бўлдим. Аммо, чегарада Иорданияга ўтишга рухсат беришмади. Сабабини ҳам айтмасдан ортга қайтаришди. Ноилож, қайтиб келдим. Ҳозир нима қилишни ҳам билмайман", - дейди Мустафо.

Аслида Иордания ироқликлардан виза талаб этмайди. Аммо, гувоҳларга кўра, кўплаб ироқликлар Иордания чегарасидаги махсус хавфсизлик назорати постларидан ортга қайтарилмоқда экан. Яна Мустафо гапиради: "Фақат мени эмас, бошқаларни ҳам чегарадан қайтаришмоқда. Улар мени ва яна 20-30 кишини микроавтобусга солиб чегаранинг Ироқ томонига олиб боришди ва бизга Иорднияга киришга рухсат йўқлигини айтишди. Ҳужжатимизга "киришга рухсат йўқ", деган мухр ҳам босишди. Хайдовчиларни ҳам чегарадан ўтказишмади. Билмайман нега. Шундан сўнг ҳайдовчилар билан Бағдодга қайтишга мажбур бўлдим."

Мустафо Бағдодга қайтиш учун 25 долларга яқин пул сарфлабди. Бироқ, унинг айтишича, энг ачинарлиси у ўзини хўрланган, деб ҳис этмоқда. Аммо, барибир у Англиядаги қариндошларини зиёрат қилишдан умидини узгани йўқ. Аммо, энди у Ироқда янги турдаги паспорт чиқарилишини кутяпти.

Иорданиянинг Бағдоддаги элчихонаси масъули Демя Хаддад кўплаб ироқликлар Иорданияга боришни хоҳлаётганликларини айтади. Уларнинг айримлари Мустафо каби Аммонга, бошқа давлат элчихоналаридан керакли визани олиш учун боришни исташади. Чунки, кўплаб давлатлар Бағдодда ўз элчихоналарини очганлари йўқ. Аммо, Хаддад унинг мамлакатига бориши жуда оддий жараён эканини айтади: "Ироқликлар Иорданияга визасиз киришади. Шундай экан, улар Иорданияга истаган мақсадда боришлари мумкин. Фақат бунинг учун улар Коалиция Маъмурияти тарафидан берилган ҳужжат ёки Ироқ паспортига эга бўлишлари керак".

Хаддад кўплаб ироқликлар чегарадан ортга қайтариб юборилаётганига уларнинг қалбаки ҳужжат билан ўтишга ҳаракат қилаётганликлари сабаб бўлаётганини айтади: "Аслида биз кўплаб шундай қалбаки ҳужжатларга дуч келганмиз. Янги ҳужжатларни қалбакилаштириш жуда осон, чунки уларда маҳсус ҳимоя белгилари йўқ. Биз элчихонада ва чегарада кўплаб шундай қалбаки ҳужжатларни қўлга туширдик. Аммо, ҳақиқий ҳужжати борлар Иорданияга сайёҳат қилишлари мумкин. Қалбаки ҳужжат билан ҳеч бир давлат ҳеч кимни худудига йўлатмайди", - дейди Иорданиянинг Ироқдаги Элчихонаси дипломати.

Ироқда қалбаки ҳужжатларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини Мустафо ҳам тасдиқлайди: "Биз қалбаки паспортлар ва ҳужжатлар ҳақида эшитганмиз. Биласизми, баъзилар пасспортларнинг рангли нусхаларини ишлаб чиқаришади. Аммо, улар қалбаки. Одамлар уларни ишлатишга қўрқишади. Эшитишимизча, шундай ҳужжат 200 доллар атрофида турар экан", - дейди Мустафо.

Ироқда Чехия Республикасининг вакили сифатида фаолият олиб борган Дана Басова Чехия Ташқи Ишлар Вазирлиги Коалиция Маъмурияти билан ҳамкорликда ироқликларга четда ўқишлари учун ёрдам бераётганини айтади. Унинг айтишича, энг катта муаммо талабаларга халқаро эътироф этилган сафар ҳужжатларини тўғирлаб бериш бўлган. Чунки уларнинг кўпчилиги Ироқ паспортини олишмаган. Ҳозирда Коалиция ҳукумати бераётган ҳужжатни фақат уч давлат – АҚШ, Британия ва Чехия қабул қилмоқда. Басова ушбу ҳужжат ироқликларнинг четга чиқишларига маълум маънода ёрдам бераётганини, аммо бу борадаги асосий муаммо уларга янги Ироқ паспорти берилганидан сўнг ҳал бўлишини айтади.
XS
SM
MD
LG