Линклар

logo-print

ТАРИХ - ҲОКИМИЯТНИНГ БЕМИННАТ ОҚСОЧИ


Сарвар УСМОН Москва марказидаги Достоевский кўчасида жойлашган ўрта мактабнинг 11 "А" синфи ўқувчилари учун Ленин, Сталин, тоталитаризм деган сўзлар ўтмишда қолиб кетган тушунчалардир. Шунинг учун ҳам тарих ўқитувчиси Екатерина Козлова шу кундаги муаммоларнинг илдизларини Совет давридан излаш кераклигини ўз ўқувчиларига тушунтиролмай ҳалак.

Келинг, ўқитувчининг дарсини бироз кузатайлик. Муаллима коммунистлардан сўнг Россияда вужудга келган сиёсий режим ҳақида ўз ўқувчилари билан суҳбатлашишга ҳаракат қилаяпти:

Ўқитувчи: Қайта қуриш даври деганда нимани тушунасан? Бу давр тоталитаризмдан қутулиш даври эди, тўғрими? Мана шундай даврда авторитаризмга ўтиб қолиш хавфи борми?

Ўқувчи: Менимча, бор...

деб, фикр юритишни бошлайди ўқувчи.

Муаллим 20-аср сиёсий режимлари тўғрисида ўқувчилари билан гаплашар экан, фашистик ғояларга асосланган режимлардан ҳам сўз очади ва бундай ғояларнинг бугунги Россияда ҳам борлигини талабаларнинг ўзлари тан олади.

"Россияда, айниқса, пойтахтда масалан, "Кавказ миллатига мансуб шахслар", деган ҳақоратомуз иборани ишлатамиз", - дейди ўқувчилардан бири.

- Мен ўз фикримни ўқувчиларимга зўрлаб ўтказмасликка ҳаракат қиламан. Бу менинг асосий принципимдир. Аксинча, иложи борича кўпроқ турли фикрлар спектрини беришга ҳаракат қиламан. Бу йилгача дарслик ва қўлланмаларнинг тури жуда кўп бўлгани учун бу ишни қўлимдан келганича уддалай олаётгандим. Бундай усул ўқувчиларнинг тарих тўғрисидаги тасаввурларини кенгайтиради, - дейди москвалик ўқитувчи.

Екатерина Козлова педагогик фаолиятини 1988 йили, Қайта қуриш сиёсати авж нуқтасига кўтарилган йили бошлаган эди. Ўтган давр давомида у Игорь Долутскийнинг "Ватан тарихи.
20-аср" дарслигидан фойдаланиб келди. Бироқ, бу дарсликни Халқ Таълими вазирлиги жорий ўқув йилидан бошлаб бекор қилди. Муаллима Козлова бундан норози. Долутскийнинг дарслигида самодержавие тугатилганидан тортиб Совет Иттифоқи тарқаб кетгунича бўлган давр тарихий ҳужжатлар асосида ёритилган эди, дейди муаллима.

Долутский дарслигидаги ҳар бир боб ниҳоясида тарихий ҳодисаларга нисбатан турли қарашлар, мунозарага чорловчи саволлар берилган эди.

Дарслик бобларидан бири ниҳоясида ўқувчилар бугунги Россия демократик мамлакатми, деган баҳсга чорланади. Дарсликнинг мана шундай жиҳатлари унинг вазирлик томонидан таъқиқланишига сабаб бўлди. Вазирлик ходимларидан бирининг фикрича, Долутскийнинг дарслиги "Россия ўтмиши ҳамда рус халқига ҳурматсизлик ифодасидир".

Бироқ, муаллима Козлованинг фикрича, Долутскийнинг турли қарашлар майдонига айланган дарслиги нафақат ўқувчилар, балки Совет даврида шаклланган ўқитувчиларнинг ўзлари учун ҳам фойдали эди.

Козлова Президент Путиннинг мамлакат Фанлар Академиясига тарих дарсликларини қайта кўриб чиқиш, уларни "ватанпарварлик руҳи билан суғориш" тўғрисида топшириқ берганидан ташвишга тушганини билдиради.

Шу кунда Халқ таълими вазирлиги тарих дарсликларини "ревизия"дан ўтказаяпти. Вазир Филиппов яқинда "Янги дарсликларда тарихни бузиб кўрсатишга қаратилган сохта либерализмга ўрин берилмайди", деб баёнот берди.

Ўрта мактаблар учун чиқариладиган дарсликлар Ўрта Таълим институти тасдиғидан ўтганидан кейингина нашр этилади. Шу институтнинг етакчи эксперти Людмила Алексашкина Долутскийнинг бу йилдан бошлаб таъқиқлаб қўйилган дарслигида тарихий фактлар тўғри берилганлигини тан олади, бироқ вазирлик қарорини ҳам қувватлайди.

- Биз дарсликда келтирилган фактлар нотўғри, деб баҳсга кириша олмаймиз. Бироқ, китобда тасвирланган воқеа-ҳодисалар муайян даражада кинояга йўғрилган, - дейди Людмила Алексашкина.

Долутскийнинг услуби, деб давом этади у, 90 йиллар бошларидаги тизгинсиз танқиднинг типик мисолидир. Эндиликда эса, дейди у, биз ўз тарихимизга эҳтиёткорлик билан ёндошишимиз керак. Бироқ, шунга қарамай, Людмила Алексашкина вазирлик иш услубидан ташвишга тушаётганини билдиради. Дарсликни таъқиқлаш олдидан мутахассисларнинг фикри билан вазирлик қизиқиб кўрмади, дейди у.

- Жамоатчилик фикри ўрганилмай туриб, шундай қарорлар қабул қилинаяптики, гўё ҳаммага, кўриб қўйинг ишни қандоқ бажаришимизни, дейишаётгандай, - дейди Людмила Алексашкина.
XS
SM
MD
LG