Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:12

Грузия собиқ президенти Эдуард Шеварднадзе ҳибсга олиниши мумкин


Фарангис Саид

Озодлик тўлқинларидасиз. Дастуримизнинг халқаро ҳаётга бағишланган қисмини Грузияга оид тафсилотлар билан давом эттирамиз.

Азиз тингловчи, маълумки, январ бошида Грузия Президенти этиб сайланган Михаил Саакашвили коррупцияга қарши курашни бошлаб юборди. Бугунги кунга келиб мамлакатнинг собиқ Президенти Эдуард Шеварднадзенинг ҳибсга олиниши ҳақида гапирилмоқда. Айни вақтда Саакашвили олиб бораётган сиёсатдан норозилик билдираётганлар ҳам пайдо бўлди. Қизиғи шундаки, норозилик билдираётганларнинг айримлари Саакашвилининг собиқ иттифоқдошларидир. Грузия сиёсий ҳаётидаги мана шу жараёнларни Фарангис Саид кузатиб бормоқда.

АА: Фарангис, авваламбор Эдуард Шеварднадзенинг ҳибсга олиниши ҳақидаги маълумотларга тўхталсак. Бу маълумотлар қаерда ва қачон пайдо бўлди?

ФС: Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда Грузияда собиқ Президент Эдуард Шеварднадзенинг ҳибсга олиниши ҳақида кўп гапирилмоқда. Биринчи бўлиб сешанба кечқурун бу ҳақда Грузия Бош Прокурори Ираклий Окруашвили телевидение орқали баёнот берди. У, шунингдек, ҳар бир фуқаро содир этган жиноятлари учун жавоб бериш керак, деб таъкидлади.

Грузия Президенти Михаил Саакашвили ҳам “халқ ҳисобидан бойиган ҳар бир киши ҳибсга олинади, мен халққа айнан шуни ваъда қилган эдим”, деб, бу маълумотни тасдиқлаган бўлди.

АА: Фарангис, Шеварднадзе нимада айбланмоқда?

ФС: Унга қўйилиши мумкин бўлган айбларни ҳозирча фақат тахмин қилиш мумкин, чунки бугунги кунга қадар Шеварднадзе озодликда, у ҳали ҳибсга олинганича йўқ. Аммо Грузия расмийлари баёнотларидан Шеварднадзе давлат маблағларини ўзлаштирганликда айбланиши мумкиндек кўриняпти.

Умуман оладиган бўлсак, Михаил Саакашвилининг халқ таянчини қозониши ва ҳокимиятга келишида унинг давлат мансабдорларининг ноқонуний маблағлари юзасидан тергов бошлаш ҳақдаги талаблари ва ваъдалари катта рол ўйнаган эди. Албатта, Саакашвилига овоз берган грузияликлар ҳозирда мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий-ижтимоий аҳвол яхшиланишига умид қилишмоқда. Саакашвили эса улар умидларини оқлашга ҳаракат қилиб, илгарги ҳукумат расмийлари, хусусан собиқ президентга қарши тергов ишини бошлаш ҳақида гапирмоқда.

АА: Шеварднадзенинг ҳибсга олиниши эҳтимоли юзасидан қандай фикрлар билдирилмоқда?

ФС: Бу борада турли фикрлар, ҳатто бир-биридан кескин фарқ қилувчи фикрлар янграяпти. Масалан, грузиялик сиёсатшунос, ўз вақтида Шеварднадзенинг матбуот котиби бўлган Рамаз Сакварелидзе янги ҳукумат Шеварднадзега қарши “компромат”, яъни айбини исботловчи далилларга эга эмас, деб таъкидламоқда. Унинг айтишича, биринчидан, Шеварднадзе кўпгина бошқа давлат раҳбарларига қараганда, зоҳид ҳаёт кечирган. Бошқа тарафдан, у ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб, ўз обрўсига путур етказадиган ёки айрим одамларга молиявий фирибгарлик учун йўл очиб берадиган ҳужжатларни имзоламаган.

Кўплаб кузатувчилар фикрича, Саакашвили Шеварднадзега қарши тергов ишини бошлаб, бу билан собиқ президентни Грузияни тарк этишга мажбур қилмоқчи. Бунинг натижасида собиқ президент кланининг сиёсий ва иқтисодий таъсири деярли йўқолади. Ҳозирча Шеварднадзе яқинлари ҳамон мамлакат иқтисодиётининг йирик соҳаларини назорат қиляптилар. Лекин, афтидан, уларга қарши ҳам кампания бошланган, чунки маълумотларга кўра, Шеварднадзе куёви, “Магтиком” деб номланган уяли алоқа ширкати раҳбари Георгий Жохтаберидзе куни кеча Грузия Бош прокуратурасига чақирилган ва сўроқ қилинган. Бундан ташқари, январда Саакашвили қатор хорижий банклар раҳбарларига мурожаат қилиб, Шеварднадзе оила аъзоларига қарашли ҳисобларни музлатишни сўраган эди.

Кўплаб кузатувчилар билдираётган умумий фикр шуки, Шеварднадзе ҳибсга олинган тақдирда, бундан айрим Ғарб давлатлари норози бўлишлари мумкин. Умуман, бу ҳодиса катта шов-шувга сабаб бўлади, шунинг учун Саакашвили ҳукумати қадамини ўйлаб босиш керак, дейишмоқда кузатувчилар.

АА: Фарангис, маълумотларга қараганда Саакашвили олиб бораётган сиёсатдан унинг партиясининг айрим вакиллари норози, шундайми?

ФС: Тўғри айтасиз, Азизулло ака. Ўз вақтида мухолифатнинг уч лидери, турли гуруҳ ва ҳаракатларни бошқарган Михаил Саакашвили, Зураб Жвания ва Нино Буржанадзе Шеварднадзе ҳукуматига қарши курашда иттифоқ тузишга қарор қилганлар ва ўша иттифоқ “атиргул инқилоби” номини олган воқеаларга сабабчи бўлган эди. Сўнгра, Шеварднадзе истеъфо берганидан кейин, улар бирлашиб, президентликка ягона номзод – Саакашвили номзодини қўйишга қарор қилгандилар. Эндиликда улар орасида келишмовчиликлар кучаяётган кўринади. Хусусан, Саакашвилининг Грузия Конституцисияга ўзгартиш киритиб, бош вазир лавозимини тиклаш, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирда давлат вазири, деб аталаётган лавозим номини ўзгартириб, уни бош вазир, деб аташ ва бош вазирга катта салоҳият беришни таклиф этмоқда. Бу ўзгартишлар парламентда муҳокама қилинди.

Кузатувчиларга кўра, бу ўзгартиш ҳозирда Давлат Вазири лавозимини эгаллаб келаётган Зураб Жванияга қўл келади ва аслида сиёсий тизимнинг ўзгараётганини эмас, балки уч сиёсатчи орасида ҳокимиятнинг тақсимланишини англатади. Бунга интилган Жвания Саакашвилининг президентликка номзод этиб кўрсатилишидан буён унга босим кўрсатиб келаётган эди. Бундан уч кун олдин эса Буржанадзе унинг салоҳияти анча қисқараётганини таъкидлаб, парламент спикери лавозимидан кетиши мумкинлигини айтди. Хуллас, афтидан сиёсатчилар ҳокимият устида талаша бошладилар.

Бундан ташқари, конституцияга киритилиши мумкин бўлган яна бир муҳим ўзгартиш бор. Унга кўра, президент парламентни тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга бўлади, ва умуман президент салоҳияти анча кенгаяди. Бу эса, мустақил кузатувчилар фикрича, Грузияда авторитар тузумнинг вужудга келишига олиб келиши мумкин.
Албатта, буларнинг бари Грузия учун ижобий жараён эмас.

АА: Фарангис, маълумотларингиз учун рахмат. Азиз тингловчи, Грузия сиёсий жараёнларига оид суҳбатимизни тингладингиз.
XS
SM
MD
LG