Линклар

Фирма инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилади


Тўлқин 6 февраль куни Тошкентда инсон ҳуқуқлари бўйича адвокатлик фирмасининг очилиш маросими бўлди. Америка юристлар уюшмаси томонидан ташкил этилган бундай фирма Ўзбекистонда илк бор иш бошламоқда.

Фирма мамлакатимиз фуқароларига бепул хизмат кўрсатади. Фирманинг очилиш маросимида АҚШ Давлат департаментининг Европа ва Евроосиё бўйича мувофиқлаштирувчиси, элчи Карлос Паскуаль ва АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жон Пурнелл иштирок этди.

К.Паскуал инсон ҳуқуқлари АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг туб асосларидан бири эканини таъкидлади.

Маросимда айтилишича, фирмада Тошкент давлат юридик институти ҳузуридаги юридик клиникада таҳсил олган мутахассислар фаолият кўрсатади. Улар суд жараёнларида инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат сифатида ҳам иштирок этиши мумкин.

Америка юристлар уюшмаси вакили Ричард Пейтоннинг билдиришича, ҳозирча фирмада тўрт нафар адвокат фаолият кўрсатади. Кейинчалик мижозлар эҳтиёжига қараб адвокатлар сони кўпайиб бораверади.

Фирма адвокати Равшан Абдуллаев америкалик юристлар унинг фаолиятида бевосита иштирок этмаслигини таъкидлади.

“Албатта, биз нодавлат, нотижорий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Лойиҳамизда машғулот ва семинар ўтказиш йўли билан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам ўрин берилган”, деди у.

Хўш, фирма адвокатлари Ўзбекистон қонунчилигидаги халқаро инсон ҳуқуқларига зид бўлган ҳолатларда қайси асосга таянади? Р.Пейтоннинг айтишича, адвокатлар маҳаллий ва халқаро универсал қонунчиликдаги инсон ҳуқуқлари бўйича етарли маълумот олган.

“Шу боис, деди у, улар зиддиятли ҳолатларда зарурий йўлни танлаб олишига ишонаман. Фирма олдига қўйган мақсадлардан бири ҳам шундай зиддиятларни бартараф этишдан иборат”.
XS
SM
MD
LG