Линклар

Ўзбеклар - бағрикенг халқ

  • Садриддин Ашур

5 февраль куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчилик масалалари бўйича олий комиссари Рольф Экеус Тошкентга келди.

ЕХҲТнинг мазкур комиссарлиги миллатлараро муносабатларга раҳна солувчи ҳолатлар юзасидан назорат олиб боради ва пайдо бўлган зиддиятларни ҳал этишга ҳаракат қилади. Бу тузилма 2000 йил 1 июлдан фаолият кўрсата бошлаган.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 126 миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Ўзбеклардан бошқа миллат вакиллари мамлакат нуфусида 22 фоизни ташкил этади. Р.Экеуснинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад мазкур миллий озчиликнинг қандай яшаётгани, инсоний ҳуқуқлари қай даражада ҳимоя қилинаётгани билан танишишдир.

5 ферваль куни Р.Экеус Ўзбекистон халқ таълими вазири Рисбой Жўраев, ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев ва Байналмилал маданиий марказининг директори Темур Алимов билан учрашди.

Халқ таълими вазирлигининг халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Баҳодир Шамсиев Р.Экеус Ўзбекистон озчиликни ташкил этувчи миллат вакиллари ўқиётган мактаблардаги аҳвол, уларнинг дарслик билан таъминланиши масалалари билан қизиққанини билдирди. Унинг айтишича, ҳозир мамлакатда таълим 7 тилда олиб борилади. Р.Экеус ҳам бу борадаги маълумотлардан хабардорлигини, Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон илғор эканини эътироф этган.

Р.Экеуснинг ташқи ишлар вазири С.Сафоев билан учрашуви чоғида эса Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний мазҳаблар ва миллатлараро муносабатлар ҳақида гап кетган. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2096 та диний ташкилот рўйхатга олинган. Улар орасида насроний, яҳудий, Баҳаи жамоати, Кришнани англаш жамияти ва буддавийлик ибодатхонаси бор.

ЕХҲТ Олий комиссари Байналмилал маданий марказида миллий маданий марказлар раҳбарлари билан учрашди.

Ўзбекистонда сон жиҳатдан ўзбеклардан кейинги ўринда қозоқлар ва тожиклар турди. Тожик милий маданий маркази раиси Исомиддин Абдувалиевнинг айтишича, у мамлакатда тожикларнинг камситилиши ҳолатларига ҳали дуч келмаган. Шунга қарамай, маърифий йўналишда айрим муаммолар мавжуд. Масалан, тожик тилида филологлар тайёрлайдиган олий ўқув юрти йўқ. Тожикистонда шу мутахассисликни эгаллаганлар ўзбекистонликлар эса филолог сифатида ишга жойлашиши қийин.

Уйғур маданий маркази раиси Шовалихон Аблиякова аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 13 йил муқаддам ўтказилгани боис айни пайтда Ўзбекистонда қанча уйғур яшашини аниқ айтиш қийинлигини таъкидлади. Унинг айтишича, уйғурлар ўзбеклар билан жуда иноқ яшамоқда.
XS
SM
MD
LG