Линклар

logo-print

Очлик эълон қилганлар жазо камерасига

  • Садриддин Ашур

6 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги биноси бир гуруҳ муслималар томонидан пикет қилинди.

Хабарларга қараганда, муслималар диний экстремистик оқимларга аъзоликда айбланган ўз яқинларининг Навоий шаҳридаги 64/29-жазони ўташ колониясида жазо камераларига ташланишига қарши норозилик билдирган.

Муслималар маҳбуслардан Баҳодир Авезов ва исломни қабул қилган немис миллатига мансуб Руслан Заррумбер ўз биродарларининг ёнини олгани учун икки ой муддатга жазо камерасига ташланганини, бунга жавобан 30 маҳбус очлик эълон қилганини билдирди. Пикетчиларнинг айтишича, очлик эълон қилганлар ҳам жазо камерасига жойлаштирилган. Муслималар яқинларининг аҳволини ўз кўзлари билан кўргач, қамоқхона бошлиғига арз қилган. Ундан жавоб ололмагач, Навоий вилояти прокурори Келдибек Юсуфбеков қабулига кирган. У мазкур ҳолат уч кунда ўрганиб чиқилишига ваъда берган. Лекин шу кунгача шикоят юзасидан муносабат билдирилмаган.

Шундан сўнг муслималар ўз яқинлари билан қисқа учрашувдан ҳам маҳрум қилинган. Уларни Тошкентга кетадиган поездга мажбуран ўтирғизиб, жўнатиб юборишган.

Пикетда қатнашган аёллардан бирининг айтишича, унинг эри қамоқхонада силга чалинган. Шундай бўлса-да, унга амнистия қўлланилмаётир.

Пикет бир ярим соат давом этди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги вакиллари уларнинг талабларини ёзиб олди.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Михаил Гуревич “Озодлик” мухбирига Навоийдаги қамоқхонада маҳбусларнинг очлик эълон қилганидан хабарсиз эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, 30 кишини жазо камерасига ташлаш имконияти ҳам йўқ. Жазо камерасида бунча одамни тиқишга жой йўқ, деди М.Гуревич.
XS
SM
MD
LG