Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:55

Абдулла Қодирийнинг қаровсиз боғи


Ҳакимбек Эски Жўвада жойлашган Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи бир вақтлар Тошкентнинг энг сўлим ва гавжум масканларидан бири бўлганини кўпчилик яхши эслайди.

Мазкур боғни зиёрат қилган “Озодлик” мухбири у бугунги кунда шаҳардаги энг йирик чиқиндихонага айланганига гувоҳ бўлди.

“Бу боғни ўтган асрнинг қирқинчи йилларидан буён биламан. Илгари у Пушкин парки дейиларди. Мустақилликдан сўнг боққа Абдулла Қодирий номи берилган. Аввал боғнинг ўртасида кўл, ҳовуз бор эди. Боғда чойхоналар, ошхоналар ишларб турарди. Жуда сўлим эди. Санъаткорлар чиқиш қиладиган саҳна бўларди”, дейди 70 ёшларни қоралаган отахон.

Отахоннинг айтишича, эски шаҳарда бошқа истироҳат маскани бўлмагани учун боққа эҳтиёж катта.

Боғ анча катта майдонни эгаллаган. Унинг ўртасидан ёлғизоёқ йўл кесиб ўтган. Бу йўлдан одамлар Чорсу бозорига ўтиб-қайтади.

Маълум бўлишича, боғ мустақилликдан сўнг ўз тароватини йўқота бошлаган. Айниқса, боғни қайта қуриш мақсадида бошланган ва кейинчалик тўхтаб қолган қурилишдан сўнг у бутунлай ташландиқ ҳолга келиб қолган.

Вайрона боғнинг марказий қисмида Абдулла Қодирийнинг баландлиги тахминан 4-5 метр келадиган ҳайкали қад ростлаб турибди. “Озодлик” мухбири бу ҳайкалнинг бош қисми кўк мато билан ўраб қўйилганига гувоҳ бўлди. Гўёки ёзувчи боғнинг бу аҳволини кўрмасин дегандик.

Тошкент шаҳри капитал қурилиш бошқармаси техник назорат бўлими катта мутахассиси Омон Муҳиддиновнинг айтишича, аслида боғни замонавийлаштириш, кенгайтириш мақсадида қайта қуриш бошланган. Лекин маблағ бўлмагани сабабли бу ишлар тўхтаб қолган.

Бу йил ҳам боғдаги қурилиш давом этиши ҳозирча номаълум. Шу атрофда яшовчи аҳоли эса боғнинг аввалги ҳолатига қайтишини орзиқиб кутмоқда.
XS
SM
MD
LG