Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:04

Тузум ўзгаради, ватан эса мангудир


Саида Кузатувчиларнинг эътирофича, собиқ Иттифоқ даврида мактаб ва боғчаларда доҳийларни улуғловчи, совет диёрини мадҳ этувчи сиёсий шеър ва қўшиқлар кўп ўргатилган.

Хўш, бугунги авлод нимани ўрганмоқда?

Тошкентдаги болалар боғчаларидан бирининг тарбиячиси Моҳира Қудратованинг айтишича, кичкинтойларга турли шеър ва қўшиқлар мунтазам ўргатиб борилади. Чунки Ўзбекистонда кенг нишонланадиган маълум саналарнинг кетма-кет келиши боғча ва мактабларда анъанавий кечаларни ташкил этишни тақозо этади.

Унинг фикрича, ватанга муҳаббатни боғча ёшидан шакллантириш керак ва бунга боғча тарбиячиси масъулдир.

Яна бир тарбиячи Назира Нишонова боғчаларда уч йилдан буён “Учинчи мингйиллик боласи” таянч дастури асосида таълим-тарбия берилаётганини билдирди. Бу дастурга кўра, унинг таъкидлашича, боланинг тафаккурини ривожлантириш ва жисмоний соғломлигига эришиш билан бир қаторда маънавий тарбияга ҳам катта эътибор қаратилади.

Н.Нишонованинг сўзларига қараганда, кичкинтойларнинг маънавий соғлом бўлиб вояга етишида авлодлар тарихини ўргатиш, улар босиб ўтган йўлларни саҳна кўринишлари орқали намойиш этиш, шеър ва қўшиқлар ўргатиш алоҳида ўрин тутади.

Узоқ йиллар болалар тарбияси соҳасида иш олиб борган Роҳила Шерматова боғча ва мактабларда сиёсий шеърлар ўқитилишига қарши эканини маълум қилди. Унинг фикрича, болада кўпроқ табиат, ҳайвонот олами ҳақида тушунча уйғотишга интилиш керак.

“Замон ўзгаради, тузум билан боғлиқ шеърлар ўз-ўзидан йўқолиб боради. Табиат ва ватан ҳақидаги асарлар эса мангу қолади”, деди у.
XS
SM
MD
LG