Линклар

Сил диспансерига айлантирилган “жўжабаз”

  • Барно Анвар

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ёшлари ўртасида ўткир респиратор касалликлар ва сил кўп учраётгани эътироф этилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу касалликлар келиб чиқишининг туб сабаблари аҳолининг турмуш тарзи ва даражасига боғлиқ.

Уларнинг айтишича, кундалик овқатланиш, даволаниш, меҳнат шароити талаб даражасида эмаслиги турли касалликларнинг кўпайишига олиб келмоқда. Сил билан касалланганларнинг аксарияти 30-45 ёшлардаги кишилардир.

Жиззах вилоятидаги силга чалинган фуқароларнинг асосий қисми Жиззах шаҳридаги диспансерда даволанади. Маълум бўлишича, ҳозир бу ердаги беморлар сони шифохонадаги меёрдаги ўрин сонидан кўпроқдир. Жиззах аҳли бу жойни “жўжабаз” деб атайди. Чунки бу ерда илгари товуқ фабрикаси биноси жойлашган. Бино анча эски, шифохона талабларига жавоб бермайди. Диспансер ходимларининг айтишича, сўнгги йилларда янги бино қуришга ваъдалар берилган, лекин ваъданинг устидан чиқадиган мард топилмаган.

Сил касаллиги бўйича мутахассис Елена Лушконинг айтишича, вилоят қишлоқларида одамлар ишсиз. Шунинг учун кўпчилик амаллаб тирикчилик ўтказади. Силни келтириб чиқарувчи дастлабки сабаб эса очликдир. Одам сурункасига оч қолаверса, у барибир силга чалинади. Шунингдек, шамоллашдан вақтида даволанмаслик, кетма-кет шамоллаш силни келтириб чиқаради. Ҳозир ёшларда, болаларда иммунитетнинг пастлиги ҳам вилоятда силни кўпайтирмоқда.

Вилоят аҳлининг таъкидлашича, сил кўпаяётгани сабаблари ёшларнинг ичкилик ва чекишга берилгани, шунга яраша кучли овқат ейиш имконияти йўқлиги, аёлларнинг эса оғир меҳнат қилишга мажбур бўлаётганидадир.

“Озодлик” мухбири Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Пўлат Темирович билан суҳбатда силга чалинганлар сони бўйича аниқ маълумотлар ола олмади. Лекин у бу касаллик вилоятда кўпайиб бораётганини инкор қилди.
XS
SM
MD
LG