Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:53

“Еттилик Гуруҳи” вакиллари доллар курсини муҳокама қилмоқда


Фарангис Саид

Шанба куни АҚШнинг Флорида штатидаги Бока Ратон курорт шаҳарчасида “Еттилик Гуруҳи”га аъзо давлатлар молия вазирлари ва марказий банклар раислари учрашдилар.

Бу “Еттилик Гуруҳи”нинг 2004 йилдаги биринчи учрашувидир. Уни ҳамкасбим Фарангис Саид кузатиб бормоқда.

СУ: Фарангис, учрашувда қандай масалалар муҳокама қилинмоқда?

ФС: Авваламбор “Еттилик Гуруҳи”га аъзо давлатларни эслатиб ўтсам. Улар АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия ва Япониядир.

Хабарларга қараганда, бу мамлакатлар молия вазирлари ва марказий банклар раисларининг Флоридада муҳокама қилаётгани - асосий масала – АҚШ долларининг қадрсизланиши. Маълумки, ҳозирда АҚШ иқтисодиёти яхши аҳволда эмас. АҚШ бюджети тақчиллиги ҳам илгарги йилларга қараганда жуда катта. Бу, албатта, Европа ва Осиё мамлакатларига салбий таъсир қилмоқда.

СУ: Долларнинг қадрзланишини муҳокама қилаётган расмийлар қандай қарорга келишлари мумкин?

ФС: Ҳозирча учрашув давом этмоқда. Унинг натижаларини тахмин қилиш мумкин. Айрим кузатувчилар фикрича, АҚШ доллари курси масаласида бугунги кунда муросага келиш қийин. Маълумотларга кўра, жума куни “Еттилик Гуруҳи”га аъзо Европа давлатлари вакиллари АҚШ долларининг қадрсизланиши ҳамда доллар-евро ва доллар-йена курсларининг кескин ўзгаришига чек қўйиш керак, деб айтганлар.

Хусусан, Европа Марказий Банки раиси Жан-Клод Трише бу ҳақда мана бундай деди:

- Алмашинув курсларига келсак, уларнинг барқарор бўлиши лозимлигига яна бир бор урғу бериб, курснинг сакрашидан ҳавотир билдирамиз.

Япония расмийлари ҳам шунга ўхшаш баёнот беришган, яъни валюта алмашинуви курслари барқарор бўлиши лозимлигини айтганлар.

СУ: Фарангис, АҚШ Молия Вазирлиги ва Марказий Банки расмийлари Европа ва япониялик ҳамкасблари баёнотларини қандай қабул қилишмоқда?

ФС: АҚШ расмийларига долларнинг қадрсизланиши маъқулдек кўриняпти, чунки маълумки, доллар арзонлашгани оқибатида АҚШнинг экспорт ҳажми анча кўпайган, бу эса Америка иқтисодиётига ижобий таъсир қиляпти.

Жума куни АҚШ Молия Вазири Жон Сноу айрим бошқа мамлакатлар расмийлари билан учрашди. Учрашувдан сўнг Канада Молия Вазири Ралф Гудалл мана бундай баёнот берди:

- Булар еттита жуда муҳим давлат бўлиб, улар орасида ўхшашликлар кўп. Албатта, ҳар биримиз вақти-вақти билан бошқа-бошқа муаммоларга дуч келамиз. Аммо, фикримча, “Еттилик Гуруҳи” жуда фойдали халқаро тузилма бўлиб, бугунги учрашувга келган барча вазирлар ва банк раислари мулоқот конструктив бўлишига ишонишяпти, - деб айтди Канада расмийси.

СУ: Учрашувда “Еттилик Гуруҳи” расмийларидан ташқари бошқа давлатлар вакиллари ҳам қатнашяптими?

ФС: Учрашувга Ироқ ва Афғонистон вакиллари ҳам таклиф этилган.

Ироқ Молия Вазири Комил Ал-Гелоний учрашув иштирокчиларига мурожаат қилиб, Ироқни қайта қуриш ишларига ажратилган молиявий ёрдамни тезроқ мамлакатга юборишни сўради. Марказий Банк раиси Синон Ал-Шабибий эса халқаро ҳамжамият Ироқ қарзларининг сезиларли қисмидан воз кечишига умид билдирди.

Шунингдек, учрашувда, қатнашаётган Афғонистон Молия Вазири Ашраф Ғани Аҳмадзай ва Марказий Банк раиси Анварулло Аҳадийлар ҳали чиқиш қилишмади. Аммо, маълумотларга кўра, уларнинг ҳам халқаро ҳамжамиятдан Афғонистонга кўпроқ ёрдам ажратишни сўрашлари кутилмоқда.

СУ: Раҳмат.
XS
SM
MD
LG