Линклар

Суд мустақиллиги - ОАВ мустақиллиги омили


Нурбек Самарқандда суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабатлар масаласига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий журналистлардан ташқари Грузия ва Туркманистон вакиллари ҳам қатнашди.

Грузия Олий суди судьяси Нино Гвенитадзенинг таъкидлашича, мамлакатда суд-прокуратура ва матбуот воситалари ўртасидаги муносабатлар шаклланмаган. Суд ва прокуратура томонидан чиқарилаётган қарорлар матбуотда ёритилмайди.

Туркманистонлик мустақил журналист Светлана Мамедова мамлакат Президентининг норасмий кўрсатмасига биноан суд ва прокуратура органлари фаолиятига оид танқидий материаллар ОАВда берилмаслигини маълум қилди.

Самарқандлик журналист Миршариф Хўжаев эса Ўзбекистон ҳам бу масалада қўшни давлатлардан қолишмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакатда суд ва прокуратура билан ҳамкорликда қўшма нашрлар чоп этилаётган бўлса-да, бу нашрлар мазкур идоралар манфаатларига хизмат қилади.

Жиззахда чиқадиган “Ғаллаорол овози” газетаси мухбири Абдурасул Отамуродовнинг сўзларига қараганда, суд-прокуратура органлари журналистлар билан ҳамкорликдан манфаатдор бўлмагани сабабли ўзаро алоқалар узвий эмас. Чунки айрим фуқароларнинг ҳуқуқлари паймол этилишида бу органларнинг ҳам ҳиссаси бор.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев учинчи ҳокимият (суд-прокуратура) мустақил бўлмагунча, тўртинчи ҳокимият (ОАВ) ҳам бўла олмайди, дея фикр билдирди.
XS
SM
MD
LG