Линклар

Эгаси аниқ “аноним” хат


Хабарларга кўра, Ҳазораспдаги касб-ҳунар коллежининг бир гуруҳ ўқитувчилари мутасадди ташкилотларга шикоят хати билан мурожаат қилган. Лекин бу хат аноним деб топилиб, шикоятчиларга чора кўриш белгиланган.

Коллежнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Ойбек Раҳимовнинг сўзларига қараганда, муаллимлар ва коллеж раҳбарияти ўртасидаги ўзаро келишмовчилик шикоят ёзилишига сабаб бўлган.

“Сўнгги 2 йил ичида бу ерда учта директор алмашди. Амалдаги директор Гулнора Отажонова билан келишиб ишлаш қийин. Чунки у бўлар-бўлмасга муаллимларни ўқувчилар олдида ҳақоратлайди, обрўсини ерга уради”, деди у.

Коллеж директори Г.Отажонова ва унинг ўринбосари Хушназар Хўжаниёзов эса раҳбар қаттиққўл бўлиши лозимлигини айтишдан чарчамайди.

Ҳазорасп тумани қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида 15 йўналиш бўйича 1075 нафар ўқувчи таҳсил олади.

О.Раҳимов ўқувчилар пахта мавсумида жуда оғир шароитда пахта теришга мажбур бўлганини билдирди. Унинг таъкидлашича, пахта теримида қатнашганларга бир тийин ҳам тўланмаган. Бунинг устига, ўқувчилар яшаган хоналар совуқ, овқатлар сифатсиз бўлган. 4-5 ўқувчига бир буханка нон берилган.

Директор ўринбосари Х.Хўжаназаров эса пахта теримда қатнашганлик учун шикоят ёзишни уят ҳисоблайди.

О.Раҳимов коллеж ўқитувчиларининг ойлик маошлари вақтида берилмаслигини маълум қилди. Унинг билдиришича, ўтган йилнинг октябрь ойи учун маошнинг ярми ўрнига ароқ тарқатилган. Ароқнинг сифатсизлиги, қўлбола экани шундай билиниб турган. Ўқитувчилар сифат сертификатини талаб қилганида, бундай ҳужжат кўрсатилмаган. Бундан ташқари, ўқитувчилар газета ва журналларга мажбуран обуна қилдирилган, лекин ҳозиргача обуна квитанциялари берилмаган.

О.Раҳимов шикоят ёзган ўқитувчиларга тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилинаётганини таъкидлади.

“Бошқармадан бир гуруҳ мутасаддилар келди. Улар директор фаолиятидан норози бўлганларнигина текшириб, айб қидиришга интилди. Кейин ҳокимликдан келганлар ҳам яна ўша ўқитувчиларни текширди. 2 февраль куни ҳокимликдан яна мутасаддилар келди. Улар шикоят хатимизда келтирган даъволаримиз асоссизлигини айтиб, уни қайтариб олишимизни талаб қилди”, деди О.Раҳимов.

Коллеж директори Г.Отажонова ушбу мажлисда шикоятчиларнинг хати аноним деб топилгани, шикоятчиларга эса чора кўриш белгиланганини маълум қилди. Лекин муаллимлардан Раҳимбой Абдукаримов ва Ойбек Раҳимов шикоятни ёзганликларини тан олмоқда. Шундай экан, хат қандай қилиб аноним бўлиши мумкин, дейди улар.
XS
SM
MD
LG