Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:34

“Рекет”чи ўқитувчилар


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон мактабларида ўқувчилардан турли баҳоналар билан пул йиғиш одат тусига киргани бугунги кунда кўпчилик учун сир эмас.

Айрим манбаларнинг маълум қилишича, пул бермаган ўқувчилар ўқитувчилар томонидан камситилиб, баъзан руҳий тазйиққа учрамоқда.

“Пул йиғиш худди қадимдан қолган урф-одатга ўхшайди. Синф фондига, тозалаш ишларига, том ёпишга, парда учун ва ҳоказо баҳоналар билан пул йиғилади”, дейди Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқувчилари.

Уларнинг айтишича, ўқитувчилар том ёпишга деб 1000 сўм, синф фонди учун 400 сўмдан йиғиб олган. Пул беришдан бош тортган ўқувчилар эса баъзан муаллимларнинг ғазабига гирифтор бўлган.

“Ўқитувчилар бу кам таъминланган оиладан экан, деб пул бермаганларни бутун синф олдида эълон қилади. Бундай камситиш уларнинг кўнглига қанчалик оғир ботишини ўйлаб кўрмайди”, дейди ўқувчилар.

Ота-оналардан бирининг айтишича, томни таъмирлаш учун ўқитувчилар бир неча йилдан буён пул йиғиб олади. Лекин том барибир таъмирланмайди. Бу йил ҳам шу мақсад учун 1000 сўмдан йиғиб олингану, иш бажарилмаган. Шунинг учун айрим синф хоналаридан ёқингарчилик вақтида челаклаб сув оқади.

Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларидан бири Намоз Рўзиқулов мазкур мавзу юзасидан маълумотга эга эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, мактабларда ота-оналар иштирокида васийлик кенгашлари тузилган бўлиб, бу кенгашлар мазкур масалаларни ҳал қилади.
XS
SM
MD
LG