Линклар

Хоразмнинг боғча кўрмаган кичкинтойлари


Маълумотларга қараганда, Хоразм вилоятидаги боғча ёшидаги болаларнинг аксарияти боғча нималигини билмай улғаймоқда. Биргина Қўшкўпир туманида кичкинтойларнинг 18 фоизигина боғчага жалб этилган.

Туман халқ таълими бўлимидан олинган маълумотга кўра, туманда бўлимга қарашли 42 боғча ишлаб турибди. Охунбобоев номидаги ширкат хўжалигида жойлашган 2 боғча ҳам шу рўйхатдан ўрин олган. Аммо “Озодлик” мухбири хўжаликда бўлганига бу боғчалар анчадан буён ишламаётганига гувоҳ бўлди.

Халқ таълими бўлимининг мактабгача тарбия муассасалари методисти Ойша Душамова боғчалар табиий газ йўқлиги сабабли ишламаётганини маълум қилди.

Хонабод қишлоғидаги ҳозир фаолият кўрсатаётган “Истиқбол” номли 2-болалар боғчаси 140 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда бу ерда икки гуруҳда 23 бола тарбияланмоқда. Тарбиячиларнинг айтишича, беш соат давомида фаолият кўрсатадиган яна бир гуруҳ мавжуд бўлиб, унда 20 болакай бор. Бундан ташқари, болалар сонининг камлигига турли касалликлар сабаб бўлмоқда. Айниқса, болалар кўп гриппга чалинади.

Ота-оналар эса фарзандларини боғчага бермаётганига сабаб иқтисодий қийинчиликлар эканини айтмоқда. Тарбиячиларнинг билдиришича, бир бола учун ойига 3700 сўм тўлаш лозим. Аммо кўпчиликнинг бунча пулни тўлашга қурби етмаётир.

Тумандаги Шайх қишлоғида эса умуман боғча йўқ. Аҳолининг айтишича, қишлоқ вилоятнинг энг чеккасида, Туркманистон чегарасида жойлашган. Режага кўра, ширкатда учта боғча бўлиши керак эди. Лекин ширкат маркази бўлган Шайхда боғча қурилиши тугалланмай қолган. Ширкат раҳбари Худойназар Дадаев бир қавати битган боғчани ҳам йўқ қилган.

Маълумотларга таянадиган бўлсак, туманда боғча ёшидаги 14 минг нафарга яқин кичкинтой бор. Кўктом қишлоғидаги “Лола” болалар боғчаси биноси қурилганига 22 йил бўлган. Ҳожарбиби Ибрагимова шунча йилдан буён мазкур боғчага мудиралик қилиб келади. Унинг айтишича, боғча 90 ўринга мўлжалланган. Ҳозир уч гуруҳда жами 53 бола тарбияланмоқда. Ўтган йили боғчанинг 13 тарбияланувчиси мактабга борган. Улар ўқиш-ёзишни яхши ўзлаштирган.

Ҳ.Ибрагимованинг сўзларига қараганда, хоналар совуқ бўлгани учун бир гуруҳ вақтинча тарқатиб юборилган.

Боғча биноси таъмирга муҳтожлиги кўриниб турибди. Тарбиячи Гулбаҳор Ўтаева ёмғир ёғса хоналардан чакки ўтишини айтди.

Жорий йилда жамоа боғчага тегишли 20 сотих ерга пиёз экишни мўлжаллаган. Бундан 300 минг сўм даромад олишни кўзлаётган жамоа раҳбарининг айтишича, бу пул боғча биносини таъмирлашга бемалол етади.
XS
SM
MD
LG