Линклар

logo-print

Фуқаролар Бош прокурор қабулига кирмоқчи


Тўлқин 9 февраль куни Бош прокуратура биноси турли талаблар билан чиққан бир гуруҳ фуқаролар томонидан пикет қилинди. Уларга яқинлари диний экстремистик оқимларга айбланиб қамалган 8 нафар муслима ҳам қўшилди.

Пикетда иштирок этган Сотволди Абдуллаев ўтган йили ўғли қамоқхонада уриб ўлдирилгани, шу масалада Бош прокурор қабулига кириши лозимлигини талаб қилди. Бу каби талаблар билан яна бир неча фуқаро пикетда иштирок этди.

Аммо норозилик акцияси иштирокчиларининг кўпчилиги, хусусан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари диний экстремистик оқимларга аъзоликда айбланиб қамалган маҳбусларнинг озод этилишини талаб қилди.

Кейинроқ улар сафига қўшилган муслималар эса аслида Бош прокурор қабулига келганини билдирди. Улардан бирининг айтишича, бундан бир неча кун илгари Тошкент шаҳри ҳокимлиги олдида ўтказилган норозилик акцияси қатнашчиларига тазйиқ ўтказилган. Шунинг учун ҳокимлик олдидаги пикет иштирокчилари Бош прокуратура олдига келмаган.

Фуқароларнинг айтишича, прокуратура ходимлари уларга Бош прокурор қабулига кириш тартиб-қоидаларини тушунтирган.

Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси вакили Анвар Сайфуддинов эса муслималарнинг талаблари хусусида тўхталиб: “Агар маҳбуслар Конституция ва қонунлар асосида жиноий жавобгарликка тортилган экан, ҳар бири шунга яраша жазони ўташи керак. Берилган жазо муддати ҳам уларнинг қилмишига яраша бўлади”, деди.
XS
SM
MD
LG