Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:39

Вазир фермерлардан ҳол сўради


Турсун Бек 6 февраль куни Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Абдувоҳид Жўраев Сирдарё вилояти фермерлари билан учрашди.

Учрашувда Президент Ислом Каримовнинг “2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида”ги фармонининг вилоятдаги ижроси муҳокама қилинди.

Сирдарёда 7 мингга яқин фермер хўжалиги мавжуд. 2003 йилда вилоятнинг Шароф Рашидов, Меҳнатобод ва Мирзаобод туманларидаги ширкатлар тўлиқ фермер хўжаликларига айлантирилди. Бироқ, вилоят фермерлар уюшмаси раиси Шавқиддин Мирзаевнинг айтишича, ҳосилдор ерлар маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик орқали тарқатилгани оқибатида ғалла ва пахтадан юқори ҳосил олинмади.

Учрашувда таъкидланишича, фермернинг кўпчилиги қишлоқ хўжалиги соҳасидан йироқ кишилардир. Улар орасида шифокор, ўқитувчи, ҳаттоки санъаткор ҳам бор.

Сирдарё вилояти Қоғоғистон ва Тожикистон билан чегарадош. Вазир А.Жўраевнинг таъкидлашича, фермерлар томонидан ёқилғи-мойлаш материаллари ва минерал ўғитларни мазкур давлатларга сотиб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилган.

Фермерлар Вазирлар Маҳкамаси қарори билан етиштирилган маҳсулотнинг 50 фоизи ўзларига қолиши белгилаб қўйилгани, шунга қарамай, бу ҳосилдан чиқадиган ёғ, кунжара ва шелухани яна давлат нархида сотиб олаётганидан шикоят қилди. Вазир бунга изоҳ бериб, пахта сотиб олингандан сўнг унинг чигити ҳам пахта заводи ихтиёрига ўтишини, шунинг учун заводлар бу маҳсулотларни ўз нархида сотишини билдирди.

Фермерлар етиштирилган толанинг ўзларига тегишли қисмига ҳақ тўланиш-тўланмаслиги ҳақида ҳам савол берди. А.Жўраевнинг айтишича, етиштирилган толага сифатига қараб ҳақ тўланади. Бироқ вилоятда бундай сифат кўрсаткичи жуда паст. Мамлакат бўйича тола чиқиш кўрсаткичи ўтган йили 32,6 фоизни ташкил этган. Бу жиҳатдан энг яхши кўрсаткич Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларида қайд этилган.

Учрашув чоғида вилоят ҳокими Равшан Ҳайдаров тобора вайронага айланиб бораётган сув иншоотлари учун ҳукумат катта миқдорда маблағ ажратаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, жорий йилда вилоятдаги ирригация тизимини таъмирлаш учун 2 миллиард 470 миллион сўм ажратилган.

А.Жўраев 2004 йил охирига бориб мамлакатда яна 1020 та ширкат тўлиқ фермер хўжаликларига айлантирилишини билдирди. Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Ислом тараққиёт банки ва Франциядан олинадиган 100 миллион долларга яқин грант маблағларни айнан фермер хўжаликларини ривожлантиришга жалб қилади.
XS
SM
MD
LG