Линклар

Янги кўприк – муаммо сабаби


Зикрилло Ишонч Тошкентнинг Амир Темур ва Хидирали Эргашев кўчалари туташган жойда янги кўприк қурилиши бошлаб юборилди.

Мазкур иншоот қурилаётган ҳудуддаги ўнга яқин 2 қаватли турар-жой ва бошқа бинолар бузиб ташланмоқда. Уй-жойлари бузилаётган фуқаролар эса ҳақ-ҳуқуқлари паймол этилаётганидан шикоят қилаётир.

6-уйда яшовчи Мақсуд Аҳмедовнинг айтишича, бузилган томорқа ва омборлар учун маъмурлар товон тўламоқчи эмас.

Уйи бузилаётган фуқароларнинг таъкидлашича, уларнинг дарахтлари кесиб ташланмоқда. Газ ва сув қувурлари огоҳлантиришларсиз узиб қўйиляпти. Бузилаётган уйлар учун янги бошпана масаласи ҳам тўлиқ ҳал этилмаган. Лекин улардан бир ой ичида кўчиб кетиш талаб қилинмоқда.

Фуқаролар уйлари шаҳар марказида бўлгани сабабли қиммат туришини, янги бошпаналар эса шароити ҳаминқадар, бунинг устига, четда жойлашганини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, бу ҳудуддаги икки хонали уй 10 минг АҚШ долларигача баҳоланади. Бироқ берилаётган уйлар нархи бунинг ярмига ҳам тўғри келмайди.

Юнусобод туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Файзулла Муҳаммедов эса уйлари бузилаётган фуқароларга бошқа жойдан бошпана ёки томорқа берилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG