Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:21

АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқ урушини ҳимоя қилди.


АҚШ Президенти Жорж Буш Ироққа қарши уруш бошлаш ҳақидаги қарорини ўша пайтда мавжуд бўлган энг кучли разведка маълумотлари асосида қабул қилганини айтиб, шу қарорни ҳимоя қилишга ҳаракат қилди.

Буш якшанба куни АҚШ телеканалларидан бирига берган интевюсида: “Мен ўша пайтда иҳтиёримизда бўлган ва йиллар давомида тўпланган энг яхши разведка маълумотларига асосланиб қарор қабул қилдим. Ўша разведка маълумотларини нафақат бизнинг тахлилчиларимиз, балки чет давлатлари тахлилчилари ҳам тасдиқлашган эди”, - дея, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди.

Ироқда ҳозиргача оммавий қирғин қуроллари топилмагани Бушнинг уруш бошлаш ҳақидаги қарори юзасидан танқидларни кучайтирмоқда.

СиЭнЭн канали ва Тайм жернали биргаликда ўтказган сўровлар, Ироқ уруши ва АҚШ иқтисодиётининг ҳозирги вазияти сабабли Жорж Бушнинг ноябр ойида қайта АҚШ Президенти этиб сайланиши қийин бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Сўралганларнинг фақат 44 фоизи ҳозирги Президентни “ишониш мумкин бўлган мамлакат раҳбар”, сифатида баҳолаганлар.

Телесуҳбат давомида Буш Ироқда оммавий қирғин қуроллари топилмагани уни ҳам хайратга солганини баёнди. Ўтган ҳафтада Буш Ироқ урушидан олдин ҳукуматга тақдим этилган разведка маълумотлари бўрттириб кўрсатилгани ҳақидаги иддаоларни ўрганувчи комиссия тузилганини эълон қилди. Бироқ, мазкур комиссия ўтказадиган текширув натижалари АҚШда Президентлик сайловлари ўтганидан кейин эълон қилинади.

Жорж Буш суҳбатда, Ироқ уруши ҳақидаги қарори қанчалар тўғри қабул қилгани бўйича ҳулоса чиқариш учун сайловчиларда етарли вақт борлигини қайд этди: “Ҳулосаларим ва Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлатиш борасидаги қарорим тўғри бўлгани-бўлмаганини баҳолаш учун Америка халқи олдида етарли вақт бор. Мен бу борада мунозаралар бўлишини кутаман. Мен нима сабабдан айнан шундай қарор қабул қилганим ҳақида америкаликлар билан гаплашиш умидидаман”, - деди Жорж Буш.

АҚШ раҳбари Ироқ келажаги масаласи ҳозирча номаълум бўлиб турганини тан олади. Жорж Буш Ироқда ҳокимият тепасига қаттиққўл диний ҳукумат келиши имкониятини қатъиян рад этди. Буш ўзининг Ироққа нисбатан ёндашуви АҚШнинг Эрон ва Шимолий Кореяга нисбатан олиб бораётган сиёсатдан фарқланишини алоҳида урғулади: “Ҳар бир вазият ўзгача ёндашув ва алоҳида тахлилни талаб қилади. Масалан, Эрон хавф солаётгани тўғрисида савол бўлиши мумкин эмас. Бироқ ҳозирда халқаро ҳамжамият Эронни ўзининг ядровий қуроллар дастуридан воз кечишга ундамоқда. Корея ярим ороли масаласига келсак, ҳозирда АҚШ Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Россия билан бирга Шимолий Корея лидери Ким Ир Ченга аниқ талаблар қўймоқда. Яъни, агар сиз муносабатлар ўзгаришини истасангиз ўз дастурингизни ошкор этинг ва уни очиқчасига йўқ қилинг. Ҳулоса қилиб айтганда, Оқ Уй маъмурияти биз дуч келаётган тахдидларга нисбатан аниқ, тўғри ва реалистик сиёсат олиб бормоқда”, - деди Жорж Буш.

АҚШ телеканали мухбири билан суҳбатда Жорж Буш 2 ноябрда бўладиган Президентлик сайловларида мағлубиятга учрамаслигини таъкидлайди.

У шунингдек, АҚШ кучлари “Ал-Қайда” лидери Усама Бин Ладенни қўлга тушириш арафасида экани ҳақидаги маълумотларни рад этди. “Мен уни қўлга тушира олишимиз ёки жавобгарликка торта олишимизни билмайман”, - деди АҚШ раҳбари жумладан.
XS
SM
MD
LG